Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Адлия вазирлиги: Малайзияга икки кишилик йўлланмани қўлга ким киритгани маълум бўлди
06.12.2018

Аввал хабар қилинганидек, Адлия вазирлиги "Тест ечинг ва Малайзияга учинг" танловини ташкил этган эди. Асосий мақсад ёшларга қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини етказиш, уларда Конституция ва қонунларга ҳурмат руҳини шакллантириш ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар билан доимий танишиб борадиган билимдон фуқароларни рағбатлантиришдир.

Малайзияга икки кишилик йўлланмани қўлга киритиш имконини берувчи мазкур танловда 15 минг 368 нафар иштирокчининг фаол қатнашгани ҳам унинг фуқаролар орасида катта қизиқиш билан кутиб олинганидан далолат беради.

Бугун 6 декабрь куни вазирлик томонидан ушбу танлов ғолиби маълум қилинди. Унга кўра, Одилов Орифжон Одилжон ўғли («Жомбой» газетаси мухбири) танловнинг мутлақ ғолиби деб топилди ҳамда Малайзияга икки кишилик йўлланмани қўлга киритди.

Бундан ташқари ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан танловда фаол иштирок этган Бабаев Шухрат Мустафо ўғли (Миллий университет кимё факультети 4-курс талабаси) ҳамда Отабоев Аброр Ҳамдамович (Ўзбекистон Либерал демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши бўлим мудири) ҳам диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Маълумот ўринда айтиш жоизки, мазкур танлов уч босқичда ўтказилди. Ҳар бир босқичда иштирокчиларнинг ҳуқуқий билим ва салоҳиятини аниқлашда янгича ёндашувга юзланилгани айниқса аҳамиятлидир.

Мисол учун, кундалик ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган ҳолатлар юзасидан саволлар бир ой давомида “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида тегишли тартибда бериб борилди.

Иккинчи босқичда эса иштирокчилар онлайн тест саволларига жавоб бериш орқали синовдан ўтказилди. Бунда ҳар бир қатнашчига тегишли равишда логин ва парол тақдим этилгани, жараён автоматик тизим орқали баҳоланиб борилгани билан танловда нафақат илғор инновацион ечимларга таянилди, балки бу орқали унинг янада шаффоф ва адолатли тарзда ўтиши таъминланди.

Танловнинг муҳим жиҳатларидан яна бири, унда олий юридик маълумотга эга бўлган мутахассисларнинг қатнашиши тақиқлангани бўлди. Бир сўз билан айтганда, ушбу танловдан кўзланган мақсад кенг оммани мустақил ҳуқуқий билим олишга ундашдан иборатдир.