Бизнесга текширувлар ягона тизимига киришга рухсат берилади
05.12.2018

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимини юритиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди (рўйхат рақами 3093, 30.11.2018 й.).

 

Эслатиб ўтамиз, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида (кейинги ўринларда – Тизим) рўйхатга олиниши шарт. Рўйхатга олинмаган текширувлар ноқонуний ҳисобланади (27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармоннинг 5-бандига қаранг).

 

Тизим сентябрь ойидан бошлаб пилот режимида фаолият юритмоқда, 2019 йил 1 январдан эса унинг тўлақонли версияси ишга туширилади. Унга қадар текширув ўтказишни келишиш билан боғлиқ бўлган ёзишмалар қоғоз шаклида расмийлаштирилади.

 

Нима киритилади, нима киритилмайди

 

Тизимга киритиладиган ва унга киритилмайдиган маълумотлар белгиланди. Биринчисига келишиш учун буюртма, текширув тўғрисида маълумотлар, мониторинг ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида аниқланган қонунбузишларни бартараф қилиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар киради.

 

Тизимга:

·         давлат сири билан боғлиқ бўлган маълумотлар;

·         текширув натижасида аниқланган банк сирига оид маълумотлар киритилмайди.

 

Фаолият юритиш алгоритми

 

Тизим билан ишлаш босқичма-босқич тузилади:

 

·         Тизимда рўйхатдан ўтказиш. Назорат қилувчи органнинг масъул ходими Тизимда prokuratura.uz сайти орқали рўйхатдан ўтади. Логин ва пароль бир марта берилади (муҳрланган конвертда юборилади). Масъул ходим ўзгарганда логин ва пароль янги ходимга ўтказилади, назорат қилувчи орган эса бу ҳақда Бош прокуратурага хабар беради;

 

·         келишиш учун буюртма киритиш ёки хабардор этиш тартибида текширув ўтказилиши ҳақида маълумот киритиш. Кейинги ҳаракатлар текширув турига боғлиқ. Эслатиб ўтамиз, улар табақалаштирилади: уларнинг бир қатори прокуратура органлари билан келишилган ҳолда ўтказилади (27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармоннинг 1-иловасига қаранг), бошқалари эса – хабардор этиш тартибида ўтказилади (27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармоннинг 2-иловасига қаранг).

 

Агар текширув келишилган ҳолда ўтказилса, Тизимга буюртма киритилади. Прокуратура уни 3 иш кунида (фавқулодда вазиятларда – 1 кун) кўриб чиқади. Шундан кейин унга электрон форматда “Рухсат берилсин” ёки рад этиш сабаби кўрсатилган ҳолда “Рад этилсин”  мақоми берилади. Рад этиш сабаблари бартараф этилганда, буюртма янгидан расмийлаштирилади.

 

Агар текширув хабардор этиш тартибида ўтказилса, уни ўтказиш тўғрисида маълумот киритилгандан кейин автоматик равишда махсус рақам (код) генерация қилинади. Назорат қилувчи органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва тасдиқловчи ҳужжатлар ёки текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган график Тизимга киритилгандан сўнг текширув амалга оширилади.

 

·         ўтказилган текширувлар натижаларини Тизимга киритиш. Аниқланган ва қайд этилган (ўтказилган текширув натижалари бўйича тузилган далолатномада) қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар текширув якунлангандан сўнг 3 иш куни ичида Тизимга киритилади. Тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар ҳам улар қўлланилгандан сўнг 3 иш кунидан кечиктирмасдан киритилади.

 

Бизнес учун кириш – рўйхатдан ўтиш орқали

 

Тадбиркорлик субъектлари ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни SMS кўринишида ва онлайн режимида Интернет орқали олишлари мумкин. Бунинг учун Тизимда рўйхатдан ўтиш ва сўров бериш зарур бўлади.

 

Тизим маълумотларни автоматик равишда таҳлил қилади ва агар улар тўғри бўлса, бизнес текширув, уни амалга оширувчи орган, шунингдек барча ўтказилган текширувлар тўғрисидаги маълумотлардан текшириш кунидан бошлаб фойдаланади (фақат танишиш учун).

 

Агар сўров бўйича Тизимда рўйхатга олинмасдан текширув ўтказилганлиги аниқланса, Тизим бу ҳақда прокуратура ходимини автоматик равишда хабардор қилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.12.2018 йилдан кучга кирди.