Камерал назоратдан кейин мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни қандай ўтказадилар
04.12.2018

Вазирлар Маҳкамасининг 27.11.2018 йилдаги 965-сон қарори билан Давлат солиқ хизмати органлари томонидан мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар беради.

 

Президентнинг 26.06.2018 йилдаги ПҚ-3802-сон қарорининг 7-банди билан  давлат солиқ хизмати органларига камерал назорат доирасида мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган. Улар солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун жойига чиққан ҳолда амалга оширилади. Расмий нуқтаи назардан мазкур ҳуқуқ солиқ органларига 2018 йил 27 июндан тақдим этилган.

 

Бироқ бугунги кунга қадар мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш тартибини батафсил регламентга соладиган ҳужжат мавжуд эмас эди. Шу билан бирга, айрим солиқ тўловчилар улар билан амалиётда тўқнаш келишга улгурдилар.

 

Тегишли Низом лойиҳаси ҚҲТБТ порталида 2018 йилнинг 6 сентябридан 21 сентябрига қадар муҳокама қилинди ва қонуний равишда бизнесда катта қизиқиш уйғотди (шарҳга қаранг).

 

Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси даврида биз таклиф этилаётган мавзуга оид ва экспресс-ўрганишлар аллақачон таниш бўлган текширувлардан нима билан фарқ қилишини таҳлил қилдик (шарҳга қаранг). Қисқача хулоса: мазмуний қисми бўйича ўрганишлар текширувлардан катта фарқ қилмайди. Шу сингари бухгалтерия ва бошқа ҳужжатлар ўрганилади, ҳудудлар ва бинолар кўздан кечирилади, инвентаризация ўтказилиши мумкин ва ҳ.к. Фарқ – расмий қисмида.  Ўрганиш прокуратура органлари билан келишилмаган ва маълумотларни Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритмаган ҳолда амалга оширилади, оқибатлар қисмида эса – камерал назорат натижаларига тенглаштирилади (мустақил равишда солиққа оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш имконияти мавжуд).

 

Ҳужжат жиддий равишда пухта ишлангандан кейин қабул қилинди, лекин концептуал жиҳатдан ўзгармаган.

 

Кимлар мавзуга оид ва экспресс-ўрганишлар остига тушади

 

Мавзуга оид ва экспресс-ўрганишни тайинлашга камерал назорат натижаларига кўра солиқ органининг талабномасига биноан солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини тасдиқлаш мақсадида уни ўрганиш зарурати ҳақиқий асос бўлади.

 

Бунда ўрганишни мажбурий тайинлаш учун 5 та мезон белгиланган:

 

Солиқ органи раҳбарининг буйруғи мавзуга оид ва экспресс-ўрганишни амалга ошириш учун асос бўлади. Унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

 

Ўрганиш муддати ва қамраб олиш даври

 

Ўрганишни амалга ошириш муддати 5 иш кунидан ошмаслиги керак. У ўрганишни амалга ошириш учун асос бўлган ҳужжатлар солиқ тўловчи ёки унинг вакилига топширилган пайтдан бошланади.

 

Ўрганиш фақат камерал назорат ўтказилган календарь давр учун амалга оширилади. Қайд этамизки, қонунчиликда камерал назорат қамраб олиши мумкин бўлган давр аниқ белгиланмаган. Амалиётда унга солиқ ҳисоботи топшириладиган ҳисобот даври киритилади. Бироқ, хато топилганда солиқ органлари кўпинча 5 йилгача илгариги ўтган даврларда (солиқ мажбуриятлари бўйича даъво қилиш муддати) уларнинг такрорланишини текширадилар. Шу тариқа, мавзуга оид ва экспресс-ўрганишлар ҳам чоракни, ҳам 5 йилни қамраб олиши мумкин.

 

Солиқ органлари нима қилишлари мумкин ва нима қилишга ҳақли эмаслар

 

Ҳужжатларни ўрганиш. Солиқ тўловчининг фақат мавзуга оид ва экспресс-ўрганишга тегишли бўлган бухгалтерия, молия, статистика, банк маълумотлари ва бошқа ҳужжатларини ўрганишга йўл қўйилади. Бу – ялпи тафтиш эмас. Ўрганиш доирасида кўтариладиган масалалар ўрганишни тайинлаш тўғрисидаги буйруқда баён этилган солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабнома доирасида чекланган.

 

Ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда далолатнома тузилади. У солиқ тўловчи томонидан солиқ органининг солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабномасига биноан аввал тақдим этилган маълумотларнинг автомат равишда ишончсиз деб тан олинишига асос бўлади.

 

Ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш. Солиқ органи ходимлари солиқ тўловчи томонидан фойдаланилаётган ҳудудларни, омбор, савдо биноларини ҳамда бошқа биноларни, шу жумладан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиққа тортиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечиришга ҳақли. Улар буни фақат солиқ органининг талабномасига жавобан солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган маълумотларни ўрганиш мақсадида амалга оширишлари керак. Ишчи ўринларини, товар-моддий бойликларни, асосий воситаларни ёки бошқа мол-мулкнинг мавжудлигини тасдиқлаш кўздан кечириш мақсади бўлиши мумкин.

 

Нафақат солиқ тўловчига тегишли объектлар, балки  солиқ тўловчига тегишли ТМЗ комитент/комиссионер ва масъул сақловчиларга берилган тақдирда уларнинг омборлари ҳам кўздан кечирилади.

 

Инвентаризация. У кўздан кечириш давомида товар-моддий захиралар камомади ёки ортиқча товар-моддий захиралар шунингдек, уларни яроқсизланганлик ҳолати аниқланганда ўтказилиши мумкин. Солиқ тўловчи томонидан тўлиқ ёки танлов асосида инвентаризация ўтказилишини солиқ органларининг мансабдор шахслари ҳал қилади.

 

Бу – муҳим! Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари хизмат вазифаларини бажариш чоғида давлат ҳокимияти вакили ҳисобланадилар (“Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси биринчи қисми). Шу боис, ҳужжатларни тақдим этмаслик, ҳудуд ва биноларга киришга тўсқинлик қилиш, шунингдек, инвентаризация ўтказиш тўғрисидаги талабномани эътиборсиз қолдириш учун солиқ тўловчининг мансабдор шахсларига ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ва хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш сифатида ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин (МЖТКнинг 198-моддасига қаранг).

 

Ўрганиш тўғрисидаги маълумотнома қандай оқибатларга олиб келади

 

Мавзуга оид ва экспресс-ўрганиш натижалари бўйича маълумотнома тузилади ва унда мавжуд хулосаларни тасдиқловчи ҳужжатлар унга илова қилинади.

 

Ўрганиш тугагунга қадар, яъни маълумотнома солиқ тўловчига топширилгунга ёки у солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилгунга қадар мустақил равишда солиққа оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш мумкин. Жумладан, гап аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш, қўшимча ҳисобланган солиқлар ва пеня суммасини тўлаш ҳақида бормоқда.

 

Мавзуга оид ва экспресс-ўрганишлар натижалари қўшимча ҳисобланган солиқларни ундириш мақсадида камерал назорат натижаларига илова қилинади. Бундан ташқари  улар текширувларни тайинлаш учун “таҳликали-таҳлил” тизимига киритилади (бу ҳақда батафсил - бу ерда).

 

Аниқлаштириш нимани талаб этади

 

Қабул қилинган Низом солиқ органларининг назорат фаолиятларида ваколатларини ҳуқуқий тартибга солиш учун жуда муҳим.  Ҳуқуқни қўллаш амалиёти унинг камчиликларини аниқлаш ва ҳужжатни такомиллаштириш имконини беради. Бироқ ҳозирнинг ўзида қатор саволлар мавжуд, низом уларга  аниқ жавоб бермайди.

 

Биринчидан, мавзуга оид ўрганишлар экспресс-ўрганишлардан нима билан фарқ қилиши баён этилмаган.

 

Иккинчидан, солиқ органининг камерал назорат натижаларига биноан талабномаларини тўлиқ бажарган солиқ тўловчилар ўрганилиши аниқ эмас.

 

Эслатиб ўтамиз, СКнинг 70-моддасига асосан солиқ органи камерал назорат натижаларига биноан солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисида талабнома юборишга ҳақли. Солиқ тўловчи 2 вариантда ҳаракат қилиши мумкин:

 

-аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини 10 кун ичида тақдим этиш;

-ёхуд шу муддатда  аниқланган тафовутларнинг асосини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этиш.

 

Низомда фойдаланиладиган “солиқ органларининг талабномасига биноан тақдим этилган ахборот” сўз бирикмаси, моҳиятига кўра,  “аниқланган тафовутларнинг асоси”дир. Бироқ, ҳаммаси бошқача талқин этилиши, “ахборот” атамаси эса аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ўз ичига олиши мумкин. Агар жойларда кенг шарҳлаш қўлланилса, ўрганиш нафақат қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа тўловлар бўйича низолашаётган солиқ тўловчиларга, балки талабномага аниқ мувофиқ равишда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи топширган ва қўшимча ҳисобланган мажбурий тўловларни тўлаганларга ҳам  татбиқ этилади. Ахир ўрганиш чоғида қўшимча хатоларни аниқлаш ва қўшимча ҳисобланган суммани ошириш эҳтимоли борда.

 

Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

 

www.norma.uz