Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўзбекистон Адлия вазири Корея Республикаси Коррупцияга қарши кураш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси билан учрашди
03.12.2018

Маълумки, жорий йилнинг 26 ноябридан 30 ноябрига қадар адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги вазирлик ва Ўзбекистон Бош прокуратураси вакилларидан иборат қўшма делегация БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистондаги самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши кураш” лойиҳаси доирасида Сингапур ва Кореяга  Республикасида бўлиши ҳақида хабар берган эдик.

 

Жорий йилнинг 29-30 ноябрь кунлари делегация вакиллари Кореяга Республикасида юқори даражали қатор учрашувларни ўтказди.

 

Мақсад- жамиятда коррупцияга қарши кураш бўйича ижтимоий соҳани янада ислоҳ қилиш, чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш учун хориж, хусусан, Корея Республикаси тажрибасини ўрганишдан иборат.

 

Корея Республикаси Коррупцияга қарши кураш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссия раҳбарияти билан бўлган учрашувда давлат органларида коррупцион ҳолатини баҳолашнинг долзарб жиҳатлари, унинг алоҳида давлат тузилмаси фаолиятига ва умуман мамлакат келажагига таъсири муҳокама қилинди. Коррупцияга қарши курашиш, профилактик чора-тадбирлар ва тарғибот қилиш, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни, ҳуқуқий маданиятни шакллантиришнинг муҳимлиги қайд этилди.

 

Корея Республикаси Коррупцияга қарши кураш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Пак Ин Чжон хоним ушбу йўналишда Ўзбекистоннинг давлат органлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди. Унинг фикрича, коррупцияни бир томонлама тартибда енгиб бўлмайди, шунинг учун бу соҳада халқаро ҳамкорлик ва биргаликдаги ҳаракатларни кенгайтириш муҳим.

 

Учрашув давомида Адлия вазири Русланбек Давлетов коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг ўтган йили Корея Республикасига давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган шартномаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади. Ўзбекистон Президенти раҳбарлиги остида сўнгги икки йил мобайнида жамият ҳаётининг барча соҳаларида жадал ислоҳотлар олиб борилаётгани, хусусан, коррупцияга қарши курашга алоҳида эътибор қаратилаётгани билдирилди.Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, чет эл сармоядорларини жалб қилиш, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорлик мақсадларида уларга яхши шароитлар яратиб бериш учун коррупцион омилларга мойил бўлмаган барча даражадаги давлат органлари шаффоф ва самарали ишлаши зарурлигини қайд этди.

 

 

 

Ташриф доирасида делегация аъзолари Комиссия фаолияти билан, яъни фуқаролар аризаларини қабул қилиш жараёнини амалда кузатиб, Комиссия ишининг технологик имкониятлари ва усуллари билан яқиндан танишдилар.