Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўзбекистон Адлия вазири Сингапур ҳуқуқ вазири ва Бош прокурори билан учрашди
30.11.2018

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси қўшма делегацияси Сингапурга ташрифи доирасида юқори даражадаги қатор учрашувларни ўтказди. 

Хусусан, Адлия вазири Р.Давлетов Сингапур ҳуқуқ вазири К.Шанмугам билан учрашди. Томонлар ҳар икки мамлакатдаги ислоҳотлар ва замонавий тенденциялар оқимида вазирликлар фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, норма ижодкорлиги, юридик кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, аҳолига давлат хизматларини тақдим этиш, шунингдек, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг давлат органлари фаолияти тўғрисида хабардорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, ходимлар малакасини ошириш, хорижий тажрибасини ташкил этиш, қўшма семинар ва тренингларни ўтказиш тўғрисида битимга келишилди.

Жорий йилнинг 28 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Э.Йўлдошев Сингапурга ташрифи доирасида - Сингапур Бош прокурори Л.Вонг билан учрашди.

Томонлар коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилдилар. Асосий эътибор Коррупцияга қарши кураш бўйича миллий дастурни самарали тарғиб қилиш соҳасида илғор хорижий тажриба алмашинувига қаратилди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон делегацияси Сингапурнинг вакилларига мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот беришди. Хусусан, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар, ушбу соҳадаги сўнгги ижобий ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилинди. Шунингдек, ушбу йўналишдаги давлат сиёсати коррупцион хавф-хатарни келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ҳар томонлама ўрганиш, бундай жиноятларни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш, жазо муқаррарлиги тамойилини таъминлашга қаратилганлиги таъкидланди. Жорий йилнинг январида "Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"г қонун кучга киргани, унинг асосида 2017-2018 йилларда коррупцияга қарши кураш бўйича давлат дастури тасдиқланиб, Республика идоралараро комиссияси томонидан тузилгани қайд этилди. Тақдим этилган маълумотлар мезбонларда катта қизиқиш уйғотиб, Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотларга юқори баҳо берди.

Учрашувда шунингдек, икки мамлакат давлат органлари ўртасида жиноят, жумладан, коррупцияни намоён бўлишининг турли шаклларига қарши кураш соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ҳам фикрлар алмашинди. Музокаралар якунида ушбу соҳада тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси- коррупцияга қарши кураш бўйича дунёдаги энг муваффақиятли ташкилотлардан бири бўлган – Сингапур коррупция ҳаракатларини тергов қилиш бюроси фаолияти биланҳам яқиндан танишишди. Бюронинг раҳбарияти билан музокаралар якунида ҳар икки мамлакат ўртасида коррупцияга қарши кураш бўйича фаолият юритувчи ходимларнинг малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга келишиб олинди.

Ташриф дастуридаги манзиллардан яна бири Сингапур давлат хизмати коллежи бўлди. Мазкур таълим муассасасида нафақат Сингапур, балки балки бошқа хорижий давлатларнинг давлат органлари ходимлари ҳам ўқитилади. Бу ерда етакчилик ва инновациялар бўйича дастурлар амалга оширилади, шунингдек, давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатида ахлоқий фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган семинар ва тренинглар ташкил этилади.

Ўзбекистон делегацияси Сингапур Давлат хизмати коллежининг фаолияти, таълим жараёни қандай ташкил этилганлиги билан танишди, шу билан бирга, таълим муассасаси раҳбарияти билан учрашди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу давлатга амалга оширилган ташриф мамлакатимиз делегацияси, жумладан Адлия вазирлиги вакиллари учун самарали бўлди. Коррупцияга қарши кураш соҳасидаги лойиҳани амалга татбиқ этишдаги зарур кўникмаларга эга бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси 29-30 ноябрь кунлари Жанубий Кореяда бўлади.