Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Андижонда 13 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилди
30.11.2018

Андижон вилоят адлия бошқармаси ва вилоятдаги нотариал идоралар фаолияти жорий йилнинг 19-28 ноябрь кунлари вазирлик ишчи гуруҳи томонидан комплекс равишда ўрганилди.

Ўрганиш ишлари натижалари бўйича аниқланган ҳолатлар ва фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар 2018 йил 28 ноябрь куни ўтказилган ҳайъат мажлисида атрофлича муҳокама қилинди.

Мажлисда ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят адлия бошқармаси марказий аппарати, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари ходимлари, шунингдек, давлат нотариал идоралари нотариуслари иштирок этди.

Танқидий руҳда ўтказилган мажлисда йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди.Жумладан, ижро интизоми, мурожаатлар билан ишлаш, молия-иқтисод йўналиши, кадрларни жой-жойига қўйиш ва юридик хизмат фаолияти, шунингдек, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш бўйича қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилди.

Мажлисда 7 нафар ходимга “ҳайфсан” ва 6 нафар ходимга “жарима” каби интизомий жазо чоралари қўлланилди. 2 нафар ходим келгусидаги иш фаолияти давомида хато ва камчиликларга йўл қўйган тақдирда уларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиши ҳақида расман огоҳлантирилди.

Шунингдек, иш фаолиятини тўғри йўлга қўйган ва нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай риоя этиб келаётган 3 нафар нотариус ҳайъат мажлиси қарори билан рағбатлантирилди.

Мажлис якунида вазир ўринбосари М. Истамов томонидан адлия органлари фаолиятини ривожлантиришда ишларни самарали ва тўғри ташкил этиш муҳим аҳамият касб этиши, комплекс ўрганишда аниқланган камчиликларга келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриш, шунингдек, тизим фаолиятини танқидий таҳлил асосида қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилди.