Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Тожикистон Адлия вазирлиги вакиллари Ўзбекистондаги адлия тизимидаги иш фаолияти билан яқиндан танишмоқда
30.11.2018

Тожикистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Абдуманнон Холиқзода бошчилигида делегация жорий йилнинг 28 ноябрь куни Бухоро шаҳар Давлат хизматлари марказининг замонавий андозалар асосида қуриб фойдаланишга топширилган янги биносида бўлди.

 

Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Н.Жуманиязов ва Бухоро вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Т.Очилов ҳамда Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Қ.Холовлар ҳамроҳлик қилди. Меҳмонлар ташриф давомида Марказ ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш ваколатига эга бўлган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар масъуллари иш жараёни, шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Бухоро шаҳар Халқ қабулхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди.

 

Шунингдек, делегация аъзоларида бинода ташриф буюрувчилар учун яратилган қулай шарт-шароитлар жумладан, амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунасига алмаштириш, биометрик паспорт бериш учун тайёрланган махсус хоналар, болалар майдончаси, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари кабилар катта қизиқиш уйғотди.

 

Таништирув давомида меҳмонлар, айниқса, марказ фаолияти, жаҳон стандартлари аосида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун яратилган намунавий қулай шароитлардан ҳайратда эканликларини билдириб, Тожикистонда ҳам бу каби хизмат кўрсатувчи марказларни очишни режалаштирилаётганини таъкидлашди.

 

Бундан ташқари, Меҳмонлар ташриф давомида Самарқанд шаҳридаги 3-сон давлат нотариал идорасида бўлиб, у ерда яратилган шароитлар, фуқароларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифати билан яқиндан танишди.

 

Тожикистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосарининг сўзига ўра, Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар эътирофга лойиқ. Айниқса, нотариал идораларга келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти электрон тарзда қабул қилинаётгани, архивларнинг электрон шаклда юритилиши фаолият самарадорлигида ўз аксини топмоқда.

 

Делегация аъзолари Самарқанд вилоят Халқ қабулхонасида ҳам бўлиб, фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш, муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ишларига юқори баҳо берди.

 

Бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси улар учун ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишда қўл келишини билдиришди.

 

Маълумот учун: учрашув 2018 йил 18 августдаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида ташкил этилди.

 

Қайд этиб ўтамиз, Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари жорий йилнинг 1 декабрига қадар юртимизда бўлади.