Олий суддаги янгиликлар
Фарғонада 668 нафар хотин-қиз жиноятга қўл урди
26.11.2018

Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўтган 10 ойида 668 нафар хотин-қизлар томонидан 603 та жиноят содир этилган. Бағдод, Данғара, Бувайда ва Ёзёвон туманида аёллар ўртасидаги жиноятчилик сони ошган.

Фарғона тумани “Юқори гулшан” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Ёқут Асилеванинг жиноят иши кўрилди. Мазкур маҳаллада яшовчи Ё. Асилева ғаразгўйлик ва паст ниятда, вояга етмаган шахсни ўғирлаш, айбдорнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсни хавфли аҳволга солиб қўйиш ҳамда ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш жиноятларини қасддан содир қилган.  

Судланувчи 2018 йил 11 сентябрь куни соат 14:30 ларда Фарғона тумани "Ҳувайдо" маҳалласида бўлаётган тўй маросимига кириб, у ерда М. Ҳамралиеванинг жияни – вояга етмаган, 2017 йилда туғилган О. Шерматовани унга вақтинча қараб туриш учун топширилганидан фойдаланиб, ташқарига олиб чиқиб кетади. “Дамас” русумли йўловчи автомашинада одамлар эътиборидан четроқ овлоқ жойга олиб келиб, унинг қулоқларидаги нархи 200 минг сўм бўлган бир жуфт тилла сирғаларини ечиб олган. Унинг кичик ёшда ва ожиз аҳволда эканлигини билгани ҳолда, ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан махрум бўлган О. Шерматовани хавфли аҳволга солиб қўйиб, кўчада қолдириб, воқеа жойидан яширинган. Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан мазкур жиноят фош этилди.  

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди раиси Ф. Абдураимов томонидан ўтказилган кенг жамоатчилик иштирокидаги сайёр судда Ёқут Асилеванинг ана шу қилмишлари атрофлича кўриб чиқилди. Албатта, жиноятга жазо муқаррар. Суд мажлисида судланувчининг чин дилдан пушаймонлиги, оилавий шароити, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги каби ҳолатлар инобатга олинди. Унга беш йил озодликни чеклаш билан боғлиқ жазо тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди