Олий суддаги янгиликлар
Халқ билан очиқ мулоқот
25.11.2018

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги "Йўнғич­қали" маҳалласида жойлашган Агросаноат касб-ҳунар коллежида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича вилоят ва туман судлари раислари ҳамда маҳалла вакиллари, жамоатчилик фаоллари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда вилоят суди раислари томонидан жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. 

Учрашувда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак", деган талабларидан келиб чиқиб, судлар томонидан халқимизнинг ишончини қозониш, одамларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиб, жойида ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилаётгани амалда кутилган самараларни бермоқда. 

Шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, энг асосийси, фуқароларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялашга хизмат қилаётгани статистик маълумотлар орқали атрофлича тушунтириб берилди. 

— Ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаби ва шарт-шароитларини таҳлил қилиш жу­да муҳим, — дейди жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Дилшод Тожибоев. — Бугунги учрашувимизда ҳам Ўр­тачирчиқ туманида содир этилган жиноятларнинг туб илдизларини очиб беришга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, эндиликда ҳудуд аҳолиси жиноятчиликка қар­ши янада муросасиз кураш олиб боради. 

Мулоқотда суд ходимлари томонидан тарғибот тадбирлари изчил йўлга қўйилгани ҳам­да ҳамкор ташкилотлар вакиллари, кенг жамоатчилик иштирокида жойларда жиноятларни фош этиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бў­йича ишлар қатъий режа асосида олиб борилаётгани туфайли бугунги кунда ҳудудларда жиноятлар содир этиш сезиларли даражада камайгани таъкидланди. 

Учрашувда иштирокчилар жиноятчиликка қарши курашишда жамоатчилик, хусусан, ҳар бир фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқи ҳамда зиммасидаги бурч ва масъулиятни чуқур англаб етиши катта самара беришини қайд этишди. 

Мулоқот давомида туманда ўтган йилнинг 10 ойида 490 та жиноят содир этилгани, жорий йилнинг шу даври мобайнида эса, 189 та жиноятга қўл урилгани қиёсий ўрганилиб, таҳлил қилинди. 

Шунингдек, ҳу­қуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши муросасизлик маданиятини шакллантириш, қонунга итоаткорлик руҳини мустаҳкамлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири эканлиги ҳамда ҳар бир фуқаро ҳуқуқий саводхонлигини оширишда, энг аввало, нималарга эътибор қаратиши зарурлиги ҳаё­тий мисоллар билан тушунтириб берилди. 

— Суд раислари билан ўт­ган очиқ мулоқот катта таассурот қолдирди, — дейди "Юқо­ри овул" маҳалласида яшовчи Олимжон Жиянбоев. — Шу пайтга қадар туманимизда одам ўл­дириш билан боғлиқ жиноят содир этилгани сабаблари ҳақида ҳар ким ўзи билганча гапириб юрганди. Мана, бугунги очиқ мулоқотда бу жиноятнинг туб илдизларини би­либ олдик. Афсуски, ўша жиноят нафснинг ақлдан устун келгани сабабли содир этилган экан. Учрашувдан шуни англадимки, биз жиноятчиликка қанчалик муросасиз кайфиятда бўлсак, ҳаётимиз шунчалик хотиржам, жамиятимиз эса, барқарор бўлаверади. 

— Бугунги кунда қарз бериб, кейин уни қайтариб ололмай юрганлар кўп учрайди, — дейди "Галаботир" маҳалласида истиқомат қиладиган Севара Икромова. — Баъзан қарз берувчи ва қарздор ўртасида ўзаро низо чиққани учун жиноят содир этилган ҳолатлар ҳам учраб туради. Шунинг учун қарз олди-бердисида нималарга эътибор бериш зарурлигини билиб қўйсак, яхши бўлади. Бу масалада фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раисига савол бердим. Вилоят судининг раиси қарз олди-бердисининг қонуний асосларини батафсил тушунтирди. Умуман айтганда, бугунги очиқ мулоқот ҳар биримизда катта тассурот қолдирди.

 

Қобилжон АТАХАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг бош мутахассиси