Олий суддаги янгиликлар
Медиация — муроса йўли
22.11.2018

Мамлакатимизда давр талабидан келиб чиққан ҳолда қонунчиликни такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада кейинги йилларда қатор қонун ҳужжатларининг ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётгани фикримиз исботидир. Янги йилдан бошлаб «Медиация тўғрисида»ги қонун кучга киради.

«Медиация» — кўпчилик учун янги тушунча бўлиб, у икки низоли тарафни яраштириш жараёнидир. Бунда келиб чиққан низони тарафлар ихтиёрий розилик асосида медиатор кўмагида ҳал қилади. Мазкур келишувни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс медиатор дейилади.

Низо келиб чиққунига қадар ёки у келиб чиққанидан сўнг тарафларнинг низони медиация тартиб-таомилини амалга оширган ҳолда ҳал этиш зарурлиги тўғрисида тузилган келишув махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг ­мустақиллиги ҳамда холислиги каби тамойиллар асосида амалга оширилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, медиация иштирокчилари мазкур жараёнда ўзларига маълум бўлган маълумотларни тарафларнинг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмас. Бундан ташқари, улар ўзларига маълум бўлган ҳолатлар бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилинмайди. Улардан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари медиацияга тааллуқли ахборотни талаб қилиб олиш мумкин эмаслиги ҳам муҳим шартлардан биридир.

Медиатор мустақил бўлиб, келишувни амалга оширишда унинг фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди. Медиатор холис бўлиши, медиация тартиб-таомилини тарафларнинг манфаатларини кўзлаб амалга ошириши ва медиацияда уларнинг тенг иштирокини таъминлаши, тарафларга ўз мажбуриятларини бажариши ҳамда ўзларига берилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши керак. 

Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчилари бўлиб, жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин.

Медиация икки ва ундан ортиқ тарафлар ўртасида, шунингдек, бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилади. Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади. 

Медиация тарафлари медиаторни ихтиёрий равишда танлаш, медиациянинг исталган босқичида унда иштирок этиш ва медиатордан воз кечишга ҳақли. 

Медиация тарафлари ўз ўрталарида тузилган медиатив келишувни ушбу келишувда назарда тутилган тартиб ва муддатда бажариши шарт.

Медиатор ўз фаолиятини профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга ошириши мумкин. Бундан ташқари, медиаторнинг фаолияти тадбиркорлик ҳисобланмайди. 

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, мазкур қонун тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилиши баробарида низоларни суд идораларининг иштирокисиз муроса йўли билан тез ва самарали ҳал этишга имкон яратади.

  

Рустам РАСУЛОВ,
Тошкент вилояти иқтисодий суди раиси