Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Бухоро шаҳар Давлат хизматлари маркази қайси жиҳатлари билан ҳайратга солади?
20.11.2018

Бухоро шаҳрида янги Давлат хизматлари марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда адлия вазири Русланбек Давлетов ва бошқа мутассадди вакиллар иштирок этишди.

Унда таъкидланишича, эндиликда узоқ вақт навбат кутмасдан ва ортиқча оворагарчиликларсиз жисмоний ва юридик шахслар “ягона дарча” тамойили асосида юздан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

Масалан, бу ерда эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш, биометрик паспорт олиш, ФҲДЁ ва нотариат органлари хизматидан фойдаланиш мумкин. Янги марказда тажриба асосида илк бор автомобиль рақамларини бериш хизмати жорий этилди.

Буҳоро шаҳридаги замонавий Давлат хизматлари маркази юксак даражадаги қулайликларни ўз ичига олган. Ташриф буюрувчилар учун жами 88 та қабул дарчаси фаолият юритмоқда.

Марказда барча нарсалар пухта ўйланган. Бу ерга ташриф буюрувчиларга қулай бўлиши учун залда йўл кўрсаткичлар, ахборот дисплейлари ўрнатилган, консультантлар эса у ёки бу хизмат учун қайси дарча ёки кимга учрашиш кераклигини тушунтиради. Инфокиосклар ҳам ишлаб турибди. Улар ёрдамида ҳар бир фуқаро электрон давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин. Электрон навбат тизими ҳам йўлга қўйилган.

Она ва бола хонаси, давлат божини тўлаш учун касса ва банкомат амал қилмоқда. Лифт ва эскалатор ўрнатилган бўлиб, бу айниқса аравачали ёш оналар ва имконияти чекланган шахслар ҳамда катта ёшдаги кишилар учун қулайдир. Умуман олганда, ҳар бир мижозга инвидидуал ёндашув мавжуд бўлиб, турли ёш гуруҳлари ва ижтимоий қатламларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган. Шу билан бирга, юқорида қайд этилганларнинг барчаси янги Давлат хизматлари марказлари учун стандарт жиҳозлаш тўпламидир. Йил охиригача уларнинг сони 50 тага етади.

Бухородаги марказнинг новацияларидан бири — бу навбат кутишда вақтни зое ўтказмаслик учун Wi-Fiдан бепул фойдаланиш, электрон кутубхона, давлат хизматларидан фойдаланиш усулларини тушунтирадиган робот фаолиятининг йўлга қўйилганидир.

1764 квадрат метр майдонда қад ростлаган икки қаватли бинода марказдан ташқари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ҳам жойлашган.