Олий суддаги янгиликлар
Суд айбдорга жазо тайинлашда жамоатчилик фикрини инобатга олди
18.11.2018

Жиззах вилоятининг Фориш тумани Сайёд қишлоғида ўтказилган сайёр суд мажлисида кўрилган жиноят иши кўпчиликка бирмунча ноодатий туюлди. Боиси, судланувчи қишлоқнинг намунали оилаларидан бирида вояга етган, ота-онаси ҳам ҳурмат қозонган кишилар эди.

Шу сабаб кўпчиликни судланувчи Шерзод Убайдуллаевнинг диний экстремистик оқимга қўшилиб қолгани ажаблантирди. Яхши инсонларнинг фарзанди қандай қилиб бундай жиддий хатога йўл қўйиши мумкин? 

Сайёр суд мажлисида жиноят иши бўйича қилинган маъруза, айблов хулосаси, гувоҳларнинг кўрсатмалари, савол-жавоблар муҳокамаси давомида ёш йигитнинг мамлакатимиз қонунларида тақиқланган диний экстремистик оқим таъсирига тушиб қолиши хорижда бўлган даврида қилган хатоси экани маълум бўлди. 

Шерзод 2013 йилда ишлаш учун Корея Республикасига бориб, у ерда диний экстремистик гуруҳга қўшилиб қолади. Оқим вакилларининг пуч ғояларига ишонган йигит уларнинг йиғинларида иштирок этиб, гуруҳ аъзосига айланади. Хорижда ишлаш муддати тугагач, қилмиши учун жавобгарликдан қўрқиб бирмунча вақт ортига қайтолмай юради. 

Давлатимизнинг бағрикенглик сиёсати, билиб-билмай жиноят қилганларнинг Ватанга қайтишларида чекловлар олиб ташланиши туфайли кўплаб адашганлар каби Шерзод ҳам юртимизга қайтди. Унинг жиноят ишини кўриб чиқиб, қонуний баҳо беришда ҳам қишлоқдошларининг, жамоатчиликнинг фикри ҳисобга олинди. 

Ҳамқишлоқлари иштирокида ўтказилган сайёр суд мажлисида Шерзоднинг ёшлиги, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, ғайриқонуний ҳаракати учун сидқидилдан пушаймонлиги, унинг келажакда бу йўлга қайта кирмаслигига “Сайёд” маҳалла фуқаролар йиғини, Ёшлар иттифоқи туман бўлими кафил бўлгани ҳисобга олинди. Гарчи жинояти оғир бўлса-да, суд енгиллаштирувчи жиҳатлар, кафилликни инобатга олиб, судланувчига енгил жазо – уч йил ахлоқ тузатиш иши бериш тўғрисида ҳукм чиқарди. 

– Убайдуллаевлар оиласи маҳалламиздаги намунали хонадонлардан. Шерзоднинг нотўғри йўлга кириб қолиши ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган, – дейди “Сайёд” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Маҳкамов. – Аммо, дунёда муқаддас динимизга, озод ва эркин Ватанимизга, фаровон ҳаётимизга рахна соладиган кучлар фарзандларимизни тўғри йўлдан адаштиришда биз ўйлагандан кўра ҳам маккор эканини эсдан чиқармаслик керак экан. Давлатимизнинг инсонпарвар сиёсати, халқимизнинг бағрикенглиги туфайли ёшлик қилиб адашган ҳамқишлоғимизни кечирдик. Яна бағримизга олиб, ўз хатосини халқимизга ҳалол хизмат қилиш билан ювишига ишонч билдирдик.