Билим юксак манзилларга элтади
07.11.2018

Халқимизда ҳунар – оқар булоқ, билим – ёнар чироқ, деган пурҳикмат мақол бор. Зеро, қўлида ҳунари бор инсоннинг хонадонида қут-барака булоқ суви мисоли доимо оқиб туради. Билим юксак манзилларга, баланд марраларга элтувчи йўлларни худди чироқ каби ёритади. Севган касб-ҳунари, юксак билими бор инсон ҳаёт йўлларида қоқилмайди, ўз орзу-мақсадларига етади. Ҳаёт йўлларида қоқилмасликнинг яна бир ўлчови ҳуқуқий билимларга  эга бўлиш даражасида ҳам билинади. Зеро, ҳуқуқий онги юксак бўлган фуқаролар ўз олдида учраган муаммоларга ўзилари ечим топади.  

 

Сир эмас, мамлакатда ҳуқуқий маданиятнинг юксалиши кўп жиҳатдан малакали ҳуқуқшунос кадрларга, уларнинг ҳар соҳада муносиб даражада фаолият кўрсатишига боғлиқ. Шу маънода бугун юридик таълимнинг ривожи, соҳада олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар билимли ва малакали юрист кадрлар тайёрланишига замин ҳозирламоқда. Айнан юридик таълим жараёнига киритилаётган ўзгаришлар, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорларида ўз аксини топди.

 

Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида адлия тизимини ҳар жиҳатдан ислоҳ қилишга эътибор қаратилди. Шунингдек, мамлакатимизда юридик таълимни ривожлантириш учун қатор устувор вазифаларни белгилаб берди.

 

Бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим масалалардан бири ақлли ва билимли, малакали ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашдан иборатдир. Бунинг учун эса айнан шу соҳага яқин бўлган, ҳуқуқий билимдан хабардор бўлган ёшларни саралаб олиш, уларни энг замонавий инновацион технологиялар асосида ўқитиш, мукаммал юрист қилиб тайёрлаш яхши самара беради. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида юридик коллежлар ташкил қилинди. Бундан муддао шуки, эндиликда яхши кадр етиштириш масаласида ҳамиша Юридик университет учун захира мавжуд бўлади.

 

Юридик коллежларда касб-ҳунар таълими “юриспруденция” йўналишида “Кадрлар масалалари бўйича юрист”, “Аграр секторда юрист”, “Шартномавий масалалар бўйича юрист”, “Нотариат бўйича юрист”, “Адвокатура бўйича юрист”, “Ижро иши бўйича юрист” мутахассисликлари бўйича юрист кадрлар тайёрланади.

 

Юридик коллежларга абитуриентларни қабул қилиш 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, мутахассислик ва касбларга мувофиқ ҳар бир ҳудуднинг “юриспруденция” йўналиши бўйича ўрта-махсус, касб-ҳунар таълимига эга кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган квоталар бўйича танлов асосида амалга оширилади.

 

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик коллежларнинг энг намунали битирувчилари ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари бўйича кириш тест синовларисиз якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилинади. Суҳбатдан ижобий натижалар билан ўтган юридик коллеж битирувчилари университетда бакалаврларни тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича таълим олади. Ўқиш тугагандан сўнг улар тақсимотга мувофиқ уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериши керак бўлади. Ҳозирда юридик коллеж битирувчиларини саралаб олиш ва Тошкент давлат юридик университетига ўқишга тавсия этиш тартиби бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, айни кунларда ушбу ҳужжатлар вазирлик ва идоралар билан келишиш жараёнида.

 

Шуни ҳам эътиборда тутиш керакки, юридик коллежларнинг битирувчилари ўқишга қабул қилинади, дегани бу бошқа таълим йўналишлари ёки 11-синфни тамомлаган мактаб битирувчилари юридик университетга қабул қилинмайди, дегани эмас. Тошкент давлат юридик университети бакалавриат ва магистратура босқичига умумий ўрта таълим, ўрта-махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасаларини тугатган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлат фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар бе­малол ҳужжат топширишлари мумкин бўлади. Таъкидлаш жоизки, жорий йилда 2018/2019 ўқув йили учун Тошкент давлат юридик университети бакалавриат босқичига ҳужжатларни қабул қилиш намунавий тарзда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги марказлари орқали амалга оширилди.

 

Лолахон КАРИМОВА,

Адлия вазирлиги масъул ходими