Депутатлар ташқи сиёсат соҳасидаги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар
06.11.2018

5 ноябрь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонун ва «Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши билан қонундаги нормаларнинг тўғридан-тўғри амал қилинишига эришилади, уларда асосий процедуравий масалалар акс эттирилган.

1. Янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонун лойиҳасида вазифалар белгиланган, 1969 йилдагиХалқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенциясида  фойдаланилган тушунчаларни инобатга олган ҳолда тушунчалар аппарати қайд қилинди. Концептуал янгиликлар ҳам мавжуд:

а) ҳар бир халқаро шартнома лойиҳасига тушунтириш хати тайёрланиши, шунингдек ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, илмий, экологик ва лингвистик, шунингдек, бошқа турдаги экспертизадан ўтказилиши бўйича талаб мустаҳкамланган. Бу ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар сифатини ошириши керак. Шу тариқа, фақатгина амалий аҳамият касб этадиган шартномалар тузилади;

б)  Ўзбекистон тузган халқаро шартномалар қоидаларини қўллаш юзасидан ваколатли давлат органлари томонидан тушунтиришлар тақдим этиш имконияти ҳам назарда тутилмоқда. Бу халқаро шартномаларни бажариш чоғида давлат органлари ишини мувофиқлаштириш имконини беради.

в) мамлакатимиз халқаро шартномаларини инвентаризация қилиш бўйича қоидалар киритилаётир, бу масъул давлат органларига хорижий давлатлар билан ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилиш имкониятини яратади.

г)  Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш механизми кенгайтирилади. Ушбу тадбир давлат органларининг халқаро шартномалар соҳасидаги ишини мувофиқлаштириш бўйича мамлакат ташқи сиёсий идораси фаолиятининг самарадорлигини оширади. Давлат органлари халқаро шартномалар шартларининг бошқа иштирокчилар томонидан бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги аниқланган ҳолатлар тўғрисида Ташқи ишлар вазирлигига ахборот бера бошлайдилар. Хабарлар бўйича ўз вақтида ва лозим даражада чоралар кўрилади.

д)  юридик мажбурият юкловчи ҳужжат бўлмаган халқаро актларнинг (декларация, қўшма баёнот, англашув меморандуми ва бошқалар) ҳуқуқий ҳолати мустаҳкамланмоқда. Янги қоида олий ва юқори даражадаги ташрифларни ишлаб чиқишда тезкорликни таъминлайди.

2. Мажлисда кўриб чиқилган бошқа ҳужжат - Консуллик устави (эҳтимол, янги таҳрири ҳам назарда тутилаётир, таҳр). У  консуллик фаолиятини амалга оширишнинг, консуллик мансабдор шахслари ўз вақтида ҳар томонлама консуллик-ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш орқали чет элда Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш,  мамлакатнинг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини ривожлантиришга, улар билан иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданий ва бошқа алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашиш бўйича функцияларининг ҳуқуқий-ташкилий масалаларини белгилайди.

Консуллик мансабдор шахси, шунингдек, фахрий консулнинг ҳуқуқий мақоми, уларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тартиби белгиланиши, шунингдек, амалга ошириладиган консуллик функцияларлари тоифаларини аниқлаштириш назарда тутилган. Ўзбекистон фуқароларининг репатриацияси ҳамда паспорт ва бошқа ҳаракатланиш ҳужжатлари йўқотилган ёхуд муддати ўтган тақдирда қайтиш учун гувоҳнома бериш ҳамда яшаш учун зарурий маблағларсиз қолган мамлакатимиз фуқароларига кўмаклашишга тааллуқли вазифалар ҳал қилинди.

Шу билан бир қаторда, консуллик фаолияти билан боғлиқ қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳалари биринчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, ишчи гуруҳи томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси материаллари асосида