Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Адлия вазирлиги: Буюк Британиянинг Миллий давлат бошқаруви мактаби билан ҳамкорлик
02.11.2018
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида тегишли соҳалардаги ходимлар салоҳиятини ошириш орқали давлат ҳуқуқ сиёсатини амалга оширишда вазирлик фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Буюк Британиянинг Миллий давлат бошқаруви мактаби (National School of Government International) халқаро экспертлар гуруҳи жалб қилинди. 
 
NSGI Буюк Британия ҳукуматининг бўлинмаси бўлиб, унинг мақсади танлаб олинган хорижий ҳамкорларга давлат хизмати ва бошқаруви соҳасида ислоҳотларни амалга оширишда кўмак кўрсатишдан иборат. 
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида халқаро ташкилотларни лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш учун улар билан самарали ҳамкорлик муҳимлигини инобатга олган ҳолда 2 ноябрь куни Адлия вазирлигида вазирликнинг халқаро ҳамкорлар билан ишловчи ходимлари учун «Халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик» мавзусида семинар ташкил этилди.  
 
Семинардан кўзланган мақсад вазирликнинг халқаро ҳамкорлар билан самарали ишлаши, жумладан улар билан ўзаро алоқасини таъминлашдаги салоҳиятини такомиллаштириш, лойиҳа ва дастурларнинг қисман ёки тўлиқ такрорланишини минималлаштириш, шунингдек донорлик кўмагини вазирлик стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг янада кенгроқ ислоҳотлар дастури билан мувофиқлаштиришдан иборат. 
 
Семинарни ҳамкорлик, бошқарув, стратегия, ислоҳотларни бошқариш соҳасида давлат сектори ташкилотлари билан ишлашда катта тажрибага эга британиялик халқаро эксперт Тов Соренсен ва NSGIнинг Тошкентдаги консультант-резиденти Лейла Броснан олиб борди.
 
Икки мамлакат ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олиш мақсадида мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Ҳамдўстлик ишлари бўйича бошқармаси директори Руперт Эйнли семинарнинг юксак мартабали меҳмони бўлди. Британия томони Буюк Британия Ҳукуматининг Адлия вазирлиги билан изчил ҳамкорлигидан мамнунлиги ва келажакда ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда Буюк Британия Ҳукумати томонидан кўмак кўрсатишга очиқлигини билдирди. 
 
Бундай семинарлар ярим йил давомида жалб қилинган британиялик экспертлар томонидан мунтазам равишда улар томонидан ишлаб чиқилган Лидерлик, Стратегия ва Мувофиқлаштириш бўйича Адлия вазирлиги ходимлари малакаларини ривожлантириш дастурига мувофиқ мунтазам ўтказилади.