Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Коррупцияга қарши мегатанлов: энди олий соврин Apple iPhone X!
01.11.2018

Адлия вазирлиги томонидан “Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанлови эълон қилинган эди. Ҳозирда танлов жараёни тобора қизиқарли тус олиб бормоқда.

Хусусан, мегатанлов доирасида ўтказилаётган “Коррупция – тараққиёт кушандаси” иншолар танловининг биринчи босқичи ўз ниҳоясига етди. Туманлар даражасида ўтказилган ушбу иншолар танловига шу кунгача республика бўйича қарийб 27 мингдан ортиқ иншо топширилган. Биргина Самарқанд вилоятининг ўзида танлов учун 4 мингдан ортиқ иншо қабул қилинган.

Ҳар бир тумандан ҳар йўналишдан 3 тадан ғолиб, жами 1000 дан ортиқ иштирокчи иккинчи босқичга ўтказилади.

Танлов ташкилотчилари бунчалик натижани кутмаган эдилар. Иншолар мактаб ўқувчилари ва талабалар ўртасида ўтказилаётганини ҳисобга олсак, ушбу зарарли, жирканч иллатга қарши ёш авлодда ўзига хос фуқаролик позицияси, тоқатсизлик ва муросасизлик мавжудлиги қувонарли ҳолдир.

Шуни ҳисобга олган ҳолда Адлия вазирлиги танловнинг мукофот жамғармаси оширилганини маълум қилади.

Маълумки, ғолибларга ҳар бир номинация бўйича 1-ўрин соҳибларига Samsung Galaxsy S9 смартфонлари, 2-ўрин соҳибларига ноутбук ва 3-ўрин соҳибларига телевизор ваъда қилинган эди.

Энди олий соврин ҳам жорий этилди! Олий соврин умумий иштирокчилар орасидан (номинациясидан қатъи назар) битта энг яхши иштирокчига топширилади. Номинациялар бўйича ғолиб бўлганлар олий совринга даъво қила олмайди.

Олий совринга лойиқ иштирокчини ҳакамлар ҳайъати аниқлайди.

Олий соврин сифатида ғолибга Apple iPhone X смартфони берилади!

Эслатиб ўтамиз, танлов 4 йўналишда – энг яхши журналистик материал, энг яхши блогпост, энг яхши ижтимоий ролик, энг яхши иншо йўналишларида – ўтказилмоқда.

Батафсил маълумотни қуйидаги ҳаволадан олиш мумкин: http://www.minjust.uz/uz/press-center/announcement/90834/

Танловда иштирок этинг! Коррупцияга зарба беринг ҳамда қимматбаҳо совринга эга бўлинг.