Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Адлия вазирлиги: уй-жой коммунал соҳасини жадал ривожлантириш йўлида тўсиқлар мавжуд
01.11.2018

Адлия вазирлиги томонидан давлат бошқаруви тизими фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш бўйича  фаол ишлар амалга оширилмоқда. Бу  борада вазирлик уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш фаолиятини ўрганди. Тадқиқот жараёнида тармоқнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган айрим муаммо ва камчиликлар аниқланди.

Хусусан, тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, сув таъминотидаги коммунал ускуналар ва муҳандислик коммуникациялари эскириб кетган. 2 888 (40 %) сув таъминоти иншоотлари,  4 512 км (32 %) сув ўтказиш иншоотлари,  19 753 км (36 %) сув ўтказиш тармоқлари, 567 км (31 %) канализация коллекторлари ва  1 368 км (25 %) канализация тармоқлари таъмирга муҳтож. Шунингдек, 758 қозонхоналар ва 5 000 км иссиқлик тармоқларининг ҳолати  иссиқлик энергиясини меъёридан ортиқ йўқотишга ҳамда иссиқлик таъминоти корхоналарининг  дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг ошиб кетишига олиб келаётгани аниқланди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида “Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш” ДУК (сув таъминоти ва канализация объектлари бўйича) ва  “Иссиқликэлектрлойиҳа” АЖ (иссиқлик таъминоти бўйича) томонидан лойиҳа хизматлари бозорида иқтисодий концентрация тармоқ рақобатбардошлигини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муҳим омиллардан ҳисобланади. Бу рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига  тўғри келмайди. 

Давлат-хусусий шерикчилигининг таъсирчан механизмларини етарли даражада жорий этилмаганлиги ва инвестицияларни кенг жалб қилиш учун янада қулай шароитлар яратиш зарурияти, жумладан паст рентабелли уй-жой коммунал хўжалиги корхоналари тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтириб, бюджет ҳаражатларини оптималлаштириш йўлида ғов бўлмоқда.

Таҳлил жараёнида шунингдек, кўп хонадонли уй-жой  фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг сув таъминоти ва канализация соҳасидаги фаолиятлари такрорланаётгани аниқланди. Бу мазкур соҳада  давлат хизматларини оптималлаштириш зарурлигини кўрсатади.

Уй-жой коммунал тариф сиёсатини янада такомиллаштириш, жумладан

рағбатлантирувчи тарифларни тартибга солиш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар қабул қилинмаётгани уж-жой коммунал соҳасининг зарарли ишлашига ҳамда коммунал корхоналар қарзларининг  ошишига сабаб бўлмоқда. Тармоқнинг молиявий ҳолатидаги камчиликлар сув ва иссиқлик таъминоти корхоналарининг кредиторлик (1,2 трлн сўмдан ортиқ) ва дебиторлик қарзлари ( 531 млрд сўмдан ортиқ) мавжудлиги билан изоҳланади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига келиб тушадиган мурожаатлар ўрганиб чиқилганда, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятининг турли жиҳатлари ушбу соҳадаги энг оғриқли нуқта экани аниқланди. Хусусан, имтиёзли асосда олинган кредит маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш масаласидир.

Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишнинг барча жиҳатларини  тартибга солувчи  тегишли қоида ва меъёрларнинг мавжуд эмаслиги ҳам уй-жой коммунал тармоғидаги камчиликлардан бири ҳисобланади. Мазкур ҳолат кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш соҳасида ҳуқуқий   камчиликлар мавжуд эканлигидан далолат беради. Шу билан бирга, кўп хонадонли уй-жой  фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимларининг ўз хизмат мажбуриятларини тегишли тарзда  бажаришига имкон бермайди.

Масалан, ҳудудий инспекциянинг штатлари сони  4 нафардан  10 нафаргача бўлган ходимни ташкил этади. Айни пайтда, хизмат кўрсатилаётган уйлар сони  эса 1 118 тадан  4 492 тагача ўзгариб турипти.  Шу тарзда, бир нафар инспекторнинг ўртача иши ойига 23 тадан  53 тагача бўлган  кўп хонадонли уйлар (500  тадан  3 991 тагача бўлган хонадон)  билан ишлашга тўғри келмоқда.

Мавжуд  муаммоларнинг комплекс таҳлиллари якуни  ва ҳорижий илғор тажрибани ҳисобга олган ҳолда,  Адлия вазирлиги томонидан уй-жой коммунал хўжалигини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича  тегишли таклифлар тайёрланди.

 

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими