2018 йил август сонида
Ўқитувчига бўлган эътибор, ҳурматни юксалтириш таълим сифатини оширишга хизмат қилади
31.10.2018

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан суҳбат

— Шерзод Ҳотамович, халқ таълими тизимидаги вазиятдан барчамиз хабардормиз. Жуда аянчли аҳволга келиб қолган соҳани эпақага келтириш Сиз ва жамоангиз чекига тушди. Бу машаққатли  меҳнат талаб этадиган жараён. Табиийки, бу қисқа фурсатда ўз самарасини бермайди. Сизнингча, айни пайтда ҳал этилиши лозим бўлган қандай муаммолар бор?

                 Халқ таълими тизимида қандай муаммолар бор деб эмас, қандай муаммолар йўқ деб сўрасангиз, тўғрироқ бўлади. Афсуски, бугунги таълим  тизимида жуда кўп муаммолар мавжуд. Бунинг сабаби йиллар давомида соҳа етарлича эътибор берилмаганидир. Эътиборсизлик туфайли тизимда кўплаб муаммолар йиғилиб қолган.

Бу ерга келганимиздан сўнг ишни тизимда нима муаммолар бор, уларни қандай ҳал этиш мумкин, деган саволга жавоб топишдан бошладик. Шу мақсадда мамлакат аҳолиси ўртасида онлайн сўровнома ўтказдик. Бу тадбирда юртдошларимиз жуда фаол иштирок этиб, таълим тизимидаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими тўғрисида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдиришди. Жами беш мингтага яқин таклифлар билдирилди ва бу жараён ҳали ҳам давом этаяпти. Ушбу ҳолатнинг ўзи ҳам тизимда кўплаб муаммолар борлигини кўрсатиб турибди.

Сўровномада иштирок этганлар томонидан жуда кўп масалалар тилга олинган. Жумладан, халқ таълими тизимига бўлган эътибор масаласи. Сир эмас, йиллар давомида мактаблар иккинчи даражали бўлиб келди, лицей ва коллежларга эътибор кўпроқ қаратилди. Негаки, лицей, коллежларда яхши ўқитилади, яхши дарс берилади, деган тушунча мавжуд бўлган. Фикримизга мисол сифатида лицей, коллежларнинг замонавий биноларини келтириш мумкин. Мактабларнинг аҳволини билиш учун, чекка туманларимиздаги аҳволни кўринг. Нафақат чекка туманлар, бу борадаги аҳвол пойтахтимизда ҳам яхши эмас. Мана, мисол учун Шайҳонтоҳур туманини олайлик. Мавжуд мактабларнинг учдан бир қисми таъмирга муҳтож. Энди вилоятлардаги аҳволни тасаввур қилаверинг. Ҳатто хароб аҳволга келган мактабларимиз ҳам бор. Шу боис уларни капитал таъмирлаш бўйича инвестиция дастурига киритишга ҳаракат қилаяпмиз. Албатта, мактаб биносининг ташқи кўриниши унинг таълим бериш сифатини белгилаб бермайди. Асосий масала — ўқитувчиларда.

— Мактабларимизда аҳволнинг шу даражага келиб қолишига педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳам айбдор эмасми? Чунки педагог дипломига эга аксарият ўқитувчиларнинг малакаси, савияси паст. Ҳатто икки жумла гапни тузолмайдиган чет тили ўқитувчиларини ҳам кўрганмиз. Шу пайтгача педагог кадрлар етишмаслиги баҳонасида бундай ҳолатларга кўз юмиб келинди. Дарс бермаса ҳам ўқувчиларни синфда ушлаб турибди-ку, дейилди. Хўш, бу масалалар энди қандай ҳал этилади?

—Бола мактабга келганда кўпроқ ўқитувчи билан мулоқотда бўлади. Ўқитувчиларимизнинг савияси эса ҳаммага маълум. Биз пойтахтимиздаги педагогика университети билан бошқа нуфузли олий таълим даргоҳлари — юридик, иқтисодиёт, дипломатия университетлари ўртасидаги охирги уч йилдаги ўқишга кириш балларини таққослаб чиқдик. Фарқ — ер билан осмонча. Уларга кириш баллари жуда юқори. Педагогика университетига кириш балли  эса энг паст.

Энди энг кам паст балл билан ўқишга кириб, университетни битирган мутахассиснинг савияси қандай бўлишини тасаввур қилаверинг. Албатта, уларнинг орасида яхши билимга эга бўлган фидойилар ҳам бор. Шундан келиб чиқиб айтсак, тизимдаги энг катта муаммо педагог кадрлар муаммосидир.

Ёшларда ўқишга бўлган интилиш сусайиб кетган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Мен бу борада кўпинча Америка тажрибасини мисол келтираман. Американи Америка қилган — муҳожирлар. Океан ортига борган одамлар ўз меҳнати, билими, интилиши билан юксак мавқеларга эришган, мамлакатни тараққиётга олиб чиққан. Бизда эса, ўқисанг ўқимасанг, бойнинг боласи — бой, камбағалнинг боласи — камбағал, генералнинг  боласи — генерал, вазирнинг боласи — вазир бўлади деган нотўғри тушунча шаклланган. Биз бундай қарашларни ўзгартиришимиз керак. Яъни, ҳар ким ўз интилиши, билими билан олдига қўйган мақсадига эришиши  мумкинлигини ёшларимизнинг онгига сингдиришимиз зарур. Шунда ёшлар орасида билим олишга бўлган қизиқиш, интилиш янада кучаяди. Ривожланган давлатларда ёшларнинг ўзида билим олишга бўлган интилиш жуда кучли. Бизда эса кўпроқ имтиёзлардан фойдаланишга ҳаракат бор. Фарзандларимизнинг пухта билим эгаллашига, билими борларга шароит яратиб беришга ҳаракат қилишимиз керак.

Бу йил олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари шаффоф ўтди. Аввало, бу ҳақиқий билим борларга йўл очган бўлса, иккинчидан,  ёшларнинг онгида билим бўлса, ўқишга кириш мумкин экан, бунинг учун ўқиш керак экан, деган тушунчани мустаҳкамлади.

Яна бир томони борки, жорий йилда давлат таълим муассасаларига белгиланган қабул квотасидан 13 мингга яқини бўш қолди. Улар тест натижаларига кўра 30 балл ҳам олишмаган. Ушбу  ҳолатнинг ўзи ҳам халқ таълими тизимига берилган баҳодир. Бу билан ёшларимизнинг ҳақиқий билим даражасини қандай эканлиги кўриниб қолди.

Бунинг сабаби нимада? Сабабини қидирсангиз, бошқа бир савол пайдо бўлади: ўқитувчи қанча ойлик олган? Ойлик камлиги, рўзғор ташвиши сабабли ўқитувчининг ҳатто дарс билан шуғулланишга вақти бўлмаган. Бунинг устига бюрократия, ҳар хил текширувлар. Бу ҳолатларнинг барчаси дарс сифатига таъсир кўрсатади. Дарс – муқаддас деган тушунча йўқ. Мана, биз Япония, Корея деймиз... Уларда дарсни бузиб бўлмайди. Уларда дарс  бузишни ўқитувчи катта ҳақорат сифатида қабул қилади.

Кейин мажбурий меҳнат масалалари. Буларнинг барчаси ўқитувчига ҳаддан ортиқ юк бўлиб тушган. Натижада ўқитувчилик касби жамиятда ўз  жозибадорлигини йўқотган. Статистикага эътибор беринг: Тошкент шаҳридаги мактаблар ўқитувчиларининг атиги 10 фоизини, республика бўйича эса 30 фоизини эркаклар ташкил этади. Очиғини айтиш керак, улар ҳам шу соҳага ўзини бағишлаган фидойилар ёки стаж учун ишга кирганлар ҳисобланади. Энди айтинг-чи, иккинчи тоифали одам мақомига тушиб қолган педагоглардан қандай қилиб сифат талаб қилиш мумкин?

Соҳадаги биринчи муаммо — ўқитувчилар ойлигининг пастлиги. Албатта, бу муаммони аста-секин, босқичма-босқич ҳал этаяпмиз. Қани энди ўқитувчиларнинг ойлигини биратўла ошира олсак! Лекин ўқитувчиларимиз сони ярим миллиондан ошиқ. Бундай шароитда ойликнинг арзимаган оширилиши ҳам миллиардлаб, триллионлаб суммани ташкил этаяпти. Бу масалани Молия вазирлиги билан кўп муҳокама қилдик. Кейинги йилга маош учун қўшимча 2,78 трлн. сўм керак бўлаяпти. Бир ўқитувчи мисолида олиб қарасангиз, ойлик унча катта ошмаганга ўхшайди, лекин бутун соҳа мисолида оладиган бўлсак, деярли уч триллион сўм бугунги кунда иқтисодиётимиз, бюджетимиз учун жуда катта пулдир.

Таълим тизими ўзига яраша консерватив. Ўзгаришлар учун вақт талаб қилади. Ойликлар албатта ошиб боради, ойликлар ошгани сари соҳада танлов-талаб ҳам ошиб боради.  Масалан, ҳозирги пайтда кўп иш ўринлари  вакансия бўлиб ётибди. Кейин бу ўринларга битта-иккита, тўртта, ўнта талабгор бўлади. У ҳолда ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш мумкин, талаб ҳам қилиш мумкин. Бу нарсалар босқичма-босқич амалга оширилиши зарур. Ўқитувчининг нафақат ойлигини кўпайтириш, ҳар хил бюрократик амаллардан ҳам озод қилиш керак. Ана шунда ўқитувчининг жамиятда обрўси ошади. Ўқитувчининг нафақат ойлиги, жамиятдаги мавқеини ҳам оширишимиз керак. Бу борада ОАВ, жамоатчиликнинг ёрдами зарур. Жамиятда ўқитувчининг ижобий образини шакллантиришимиз керак. Афсуски, ҳозирга келиб ўқитувчининг  салбий образи шаклланиб бўлган. Хуллас, ўқитувчи тимсолида замонамиз қаҳрамонини яратишимиз лозим.

 Соҳа катта, мамлакат бўйича ўн мингтага яқин мактаб бор. Анча мактаб директорларини, туман, вилоят халқ таълими бошқармалари раҳбарларини алмаштириш керак. Уларнинг ўрнига яхши кадрлар керак. Яқинда бу масалада бир тажриба ўтказдик. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 224-мактаб бор. Ушбу мактаб бир йил олдин барча кўрсаткичлар бўйича энг қуйи ўринда, ҳатто ёпилиб кетиш даражасида бўлган. Кейин мактабга бир аёл киши директор этиб тайинланган. Директор мактабни барча йиллардаги битирувчилар базасини кўтариб, обрўли, нуфузли собиқ ўқувчилар била гаплашиб, сизлар ўқиган мактаб ёпиладиган бўлиб турибди, деб ҳар бири билан гаплашган. Бу чақириққа улар лаббай деб жавоб беришиб, қўлларидан келганча ёрдам кўрсатишган. Директорнинг саъй-ҳаракати билан туман мактаблари рейтингида энг охирги ўринда турган мактаб биринчи ўринга чиқди. Мана, фидойиликнинг, изланиш, интилишнинг натижаси. Шу киши Олмазор тумани халқ таълими бўлимига бошлиқ этиб тайинланди. Бундан мақсад — тумандаги бошқа мактабларга ҳам ёрдам кўрсатиш. Қани эди, ҳар бир вилоятда, туманда шундай фидойи ўқитувчиларни топишнинг имкони бўлса ва уларнинг фидойилиги, креативлигидан унумли фойдаланилса.

— Бугунги кунда мактаб дарсликлари бўйича ҳам эътирозлар билдирилаяпти. Бу борада қандай ишлар олиб борилаяпти? Замон талабларига жавоб берадиган дарсликлар яратиш буйича концепция ишлаб чиқиш жараёни бошландими?

— Мактаб дарсликларининг сифати ҳам асосий муаммоларимиздан бири. Энг оддий муаммолардан бири — дарсликлар билан таъминлашдаги режалаштириш. Масалан, ушбу ўқув йилида қанча бола мактабга боради, улардан қанчаси ўзбек мактабларига, қанчаси бошқа тилда ўқитиладиган мактабларга? Мана шу оддий статистиканинг йил бошидагиси билан сентябрь ойидагиси бир-бирига тўғри келмайди.

Иккинчи муаммо, мактаб дарсликларини тайёрлашга йил  бошида киришилиб, сентябрь ойигача етказиб беришга ҳаракат қилинган. Энди фараз қилинг, бу қисқа муддатда қандай қилиб сифатли дарслик тайёрлаш мумкин? Аслида, мактаб дарслигини яратиш анча вақт талаб этадиган жараён.

Мактаб дарслигини ўзгартиришдан аввал таълим стандартини ўзгартириш керак. Таълим стандартимиз кўпроқ эски замон талаби асосида ишлаб чиқилган. Яъни, китобда берилган маълумот ва ўқитувчи берадиган маълумот энг асосийси ҳисобланади. Чунки, бунинг ўзига хос сабаблари бўлган. У пайтларда битта ТВ канал, уч-тўртта газета бўлган, холос. Ҳақиқий маълумот деб китобда ёзилган ва ўқитувчи айтган маълумотга қаралган. Қисқаси, аввалги ўқитувчи билан ҳозирги ўқитувчининг роли орасида катта тафовут бор. Бугунги кунда маълумот олиш имконияти жуда юқори. Мисол учун, интернет тармоғининг ўзидан қанча маълумот олиш мумкин. Буларнинг барчаси боланинг ахборот олишига таъсир кўрсатади. У аввалгидек фақат ўқитувчидан маълумот олишга боғланиб қолмаган. Ахир  биз XXI асрда яшаяпмиз. Ўқитувчининг роли ҳам ўзгарди. Ўқитувчи энди фақатгина ахборот берувчи манба бўлиб қолиши эмас, ахборот бериш баробарида, болани ўз устида ишлашига ўргатиши керак. Ҳар хил, турли хил ахборотларни қабул қилаётган болага тўғри қарор қабул қилишни ўргатиши керак. Бу ўқитувчиларга бўлган талабни жуда ошириб юборади.

Айни пайтда дунё стандартларига мос дарсликларни яратиш устида иш олиб борилмоқда. Бу борада ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда экспертлар гуруҳи ташкил этилган. Гуруҳ янги таълим стандарти ва янги дарсликларга қандай ёндашув бўлиши лозимлиги устида иш олиб бормоқда. Қисқа қилиб айтганда, 2030 йилгача Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

Бу борада амалдаги таълим стандартимизни танқидий таҳлил қилиб чиқиш, чет элларнинг илғор таълим дастурларини ўрганиш ва шу асосида миллий таълим стандартимизни ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Жумладан, АҚШ, Япония, Сингапур, Корея ва Европа давлатларининг таълим соҳасидаги ютуқларини ўрганишга, уларнинг бизга мос жиҳатларини жорий этишга ҳаракат қилинмоқда.

— Таълим сифати билан боғлиқ яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Маълумки, умумтаълим ўрта мактабларимизда бошланғич синфлардан бошлаб хориж тили сифатида икки – рус ва бошқа хорижий тиллардан бири  ўргатилади. Бу — мустабид тузимдан қолган мерос...

                 Нима таклиф қилмоқчисиз, рус тили ўқитишни йўқ қилиш керак, демоқчимисиз...  Ёки инглиз тилиними?

                  Асло. Йўқ қилиш керак деган фикрда эмасман. Мен ҳам ёшларимизнинг бир неча хорижий тилларни билиши тарафдориман. Айтмоқчи бўлганим, Европа давлатларидаги каби мактабда биринчи, иккинчи хориж тилини ўргатишни бошланғич синфлардан эмас, масалан, 5-синфдан бошлаш мумкинми? Чунки, ҳали ҳарф танимаган боланинг бираваракайига учта алифбони ўрганиши, ўзлаштириши осон кечмаяпти. Кейин мактабларда тил ўқитиш сифати ҳам ўзига яраша. Мактабни битирган ёшларимиз на у, на бу тилни ўзлаштирган...

                 Дунёда олтита жаҳон тили бор. Улар БМТда ишлатилади. Шу тилларни камида биттасини билиш шарт. Ана шунда фарзандларимиз ҳеч қаерда ўзини йўқотиб қўймайди. Шу сабабли ёшларимиз камида битта жаҳон тилини билиши зарур. Мисол учун, инглиз ёки рус тилини. Қолаверса, бизда рус тилининг иккинчи функцияси ҳам бор. Рус тили бизларда миллатлараро тил. Мана, қўшни давлатлар билан чегараларимиз очилди. У давлатларга борсангиз, қайси тилда гаплашасиз, албатта, рус тилида. Рус тили бизда доим иккинчи ишлатиладиган тилдек бўлиб келган.

Меҳнат бозори бор, иш топиш бор. Оддий мисол: неча миллион одамимиз Россияда юрибди. Неча миллиони Қозоғистонда. Афсуски, айтиб ўтганингиздек, улар рус тилини билишмайди.

Қисқа муддатда яхши натижага эришиб бўлмайди. Мисол учун, мамлакатимизда қисқа муддатда инглиз тилини зўр ўргатамиз деб, инглиз тилини қисқа муддатда ўргатиш бўйича президент қарори қабул қилинган эди. Биринчи синфдан инглиз тилини ўқитиш бўйича ҳаракатлар бошланди. Натижа нима бўлди? Ҳеч қанақа инглиз тили йўқ ҳозир. Лекин  миллиардлаб пул кетди. Бундай қилиш керак эмас. Тизим билан, ақл билан ишлаш, тўғри йўлни танлаш керак.

Кўп тилни ўрганиш одамга зарар қилмайди, бу олимлар томонидан исботланган. Одам қанча тилни кўп билса, креативлиги шунча ошади. Дунёда аҳолиси энг кўп тилни биладиган давлатлар Европада, Скандинавия мамлакатларида жойлашган. Бу давлатдагилар ўртача бешта тилни билади. Мана, натижаси: дунёдаги энг зўр таълим тизимларидан бири Финляндияда. Олимлар кўп тилни билиш креативлик имконини оширишини исботлаб турган пайтда биз тилни йўқ қилмаслигимиз керак. Рус тилини билишимиз баробарида, инглиз, француз, хитой, ҳинд, япон, немис тилларидан бирини ўрганишимиз шарт. Дунё билан интеграциялашув, глобаллашув шароитида бунинг аҳамияти катта.

Тўғри, шу пайтгача тил ўқитиш сифатсиз ташкил этилган. Фақат тил ўқитиш эмас, таълим тизимида кўп нарсалар сифатсиз ташкил этилган.

—Мактабларнинг аълочи битирувчиларини олтин, кумуш медаллар билан тақдирлаш амалиёти қайтарилди...

                 Тўғри, шундай қарор қабул қилинди. Лекин шахсан ўзим  унинг имтиёзини олиб ташлаш бўйича таклиф бердим. Олтин, кумуш медаль бўлади, лекин олий ўқув юртига киришда ҳеч қанақа имтиёз берилмайди. Чунки, имтиёз берилса, коррупция пайдо бўлади. Шахсан менга қолса, олий ўқув юртига киришда бошқа имтиёзларни ҳам бекор қилардим. Ўйлаб кўринг, олий ўқув юртларига киришда адолат ўрнатилаётган, шаффофлик таъминланаётган вақтда нима учун яна коррупцияга йўл очишимиз керак? Хуллас, ўқувчиларни илҳомлантириш учунгина медаль берилади.

                 Ривожланган кўплаб давлатларда замонавий ахборот технологиялари мактабдаги таълим жараёнини ҳам қамраб олган. Бу борада мамлакатимиз таълим тизимида истиқболда қандай чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган?

— Албатта, янги ўқув йилидан бошлаб, кўплаб янгиликларни жорий этиш босқичма-босқич бошланади. Биринчи навбатда, замонавий ахборот технологияларини бошқарувга жорий этишга эътибор қаратилади. Мактабларда қоғозбозлик, бюрократияни камайтириш учун электрон журнал тартибини жорий этиш режалаштирилган. Яъни, қоғоз шаклидаги кундалик ва синф журналларидан воз кечилади. Ўқитувчиларнинг ҳисоботи асосан давомат ва ўзлаштиришга боғлиқ. Мана шу нарсадан жуда кўп ортиқча нарсалар чиқади. Ҳисоботлар асосан қўлда ёзилади. Бу борада электрон тизим жорий этилса, ўқитувчи учун ҳам осон бўлади, ҳам қоғозбозликдан қутулади. Ота-оналар эса фарзандининг қандай ўқиётгани, олаётган баҳолари, қайси фанларни яхши ўқияпти-ю, қайсиларида қолиб кетаяпти, ўзлаштириш бўйича синфида ёки мактабида нечанчи ўринда турганини интернетда кузатиб бориш имконига эга бўлади. Албатта, бунинг учун тегишли шароит бўлиши керак. Ҳозирда қайси мактабларда шароит бўлса, янги ўқув йилидан шу тизимга ўтилади. Қолганларида ҳам бу ўзгаришлар босқичма-босқич амалга оширилади.

Яна бир муаммо борки, фарзандларимизни асосан, эски касбларга, ҳунармандчиликка ўргатиш урф бўлиб келаяпти. Биз XXI асрда яшаяпмиз. Болаларимизни янги аср касбига ўргатишимиз керак. Фарзандларимиз ахборот технологиялари илмини, мисол учун дастурлар яратишни, дастурлашни ўрганишлари керак. Фақат уста, ҳунарманд қилиб эмас, замонавий касбларни эгаллаган ёшларни етиштиришимиз керак. Асосийси, дастурчи касби ҳам бизда миллий ҳунар турига айланиши шарт.

Илғор хорижий давлатларнинг таълим тизимидаги қайси ижобий жиҳатларни бизда татбиқ этиш мумкин? Аввало ўқитувчига бўлган эътиборни, ҳурматни юксалтириш зарур. Бу борада ривожланган давлатларнинг тажрибасини олайлик, бу Ғарб давлатлари бўладими, Шарқ давлатлари бўладими, қайсидаки ўқитувчига, таълимга эътибор берган бўлса, ривожланиш бўлган, тараққиёт бўлган. Ўқитувчига ҳурмат бўлмас экан, мамлакатда тараққиёт бўлмайди. Буни тушунган давлатларда ҳар қандай шароитда, иқтисодий танг аҳволда ҳам таълимга эътибор қаратилган.

                 Юртимизда илк хусусий мактаблар пайдо бўлди. Бу таълим сифатига, рақобатга қанчалик таъсир кўрсатади?

                 Очиғини айтиш керак, ҳозирча давлат мактаблари хусусий мактаблар билан рақобатлаша олмайди. Лекин яхши давлат мактаблари ҳам бор, уларда хусусий мактаблар қараганда сифатли таълим берилади. Қолаверса, хусусий мактаб дегани ҳар доим яхши таълим дегани эмас. Барча хусусий мактаблар ҳам сифатли таълим бера олмайди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

Айрим мактабларда ўқиш тўрт сменада олиб борилаётгани ҳам бор гап. Ота-оналар фарзандларини номи чиққан мактабларда ўқитишга ҳаракат қилишади. Қолаверса, шу пайтгача қайси мактаб яхши бўлса, унга эътибор қаратилган, қолганлари эътибордан четда қолган. Мисол  учун, Тошкент шаҳрида 300 та мактаб бўлса, уларнинг 100 тасида коэффициент 2 дан юқори. Бошқа 100 тасида эса 2 коэффициент ҳам йўқ, 0,5, 0,3 коэффициентлилари бор. Савол туғилади, нега энди 2 коэффициент билан 0,3 коэффициентли мактаб директори бир хил ойлик олиши керак. Биз мактаб директорларига шундай талаб қўйдик, 15 сентябргача коэффициентини 1 га чиқариши шарт. Агар директор бўлиб ишлай бошлаганига 1 йилдан ошган бўлса ва айтилган муддатда бу топшириқни бажара олмаса, ундай директор билан хайрлашамиз. Табиийки, бундай шароитда ҳар бир мактаб директори ҳаракат қилади. Бугун ҳаракат ва фақат ҳаракат қилиши керак.

Яна бир янгилик жорий этилмоқда, молиявий ваучер деган. Яъни,  қайси мактабга бола кўп келса, унга молиявий ресурс ҳам кўп ажратилади. Молиявий ресурси кўп бўлса, имконият ҳам кенгаяди, қўшимча ўқув бинолари қурилади, кенгайтирилади. Энг муҳими, ривожланиш бўлади. Шу сабабдан молиялаштириш тизими ҳам қайтадан кўриб чиқилаяпти. Ундан ташқари, тармоқ мактаблари тизимини яратиш устида ҳам иш олиб бормоқдамиз. Албатта, бу ишларни амалга ошириш учун муайян вақт керак бўлади.

Суҳбатни «HUQUQ va BURCH» мухбирлари

Дилшод Исломов, Шавкат Ёдгоров ёзиб олди