Адлия вазирлигидаги янгиликлар
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунига бағишланган тренинг ўтказилди
30.10.2018

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Халқаро хамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда жорий йилнинг 30 октябрь куни Тошкент шаҳрида маҳаллий ва ҳалқаро экспертларни иштирокида Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунига бағишланган тренинг ўтказди.

Чет эллик эксперт сифатида судья Ш. Гроскурт (Германия) таклиф қилинди. Бундан ташқари, тренингда маҳаллий экспертлар – Тошкент давлат юридик университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ўқитувчилари Бахром Умаров ва Жўрабек Неъматов иштирок этишди.

Тренинг давомида маъмурий тартиб-таомилларининг асослари, принциплари, маъмурий тартиб-таомиллардаги иштирок, маъмурий тартиб-таомилларнинг амалга оширилиши, маъмурий акт, маъмурий акт устидан шикоят қилиш тартиби ва бошқа асосий ҳолатларга эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, ўз вақтида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган эди. Мазкур Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига,
шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.

Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар
ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонунга мувофиқ, маъмурий тартиб-таомил бу маъмурий органларнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солувчи процессуал қоидалар ҳисобланади.

Тренинглар бутун республика бўйича ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими