Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўзбекистон ва Қозоғистон Адлия органлари ўртасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
09.10.2018

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Марказий Осиё минтақаси мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди.

Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг фаол ҳамкорлиги ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли муносабатларни мустаҳкамлашда катализатор бўлиб хизмат қилувчи шерикликнинг барча соҳаларида салмоқли қадамлар қўйилди.

Шу тариқа 2018 йилнинг 17-28 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг масъул ходимлари тажриба алмашиш доирасида Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолияти билан танишди.

Мазкур ташриф Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилинган йилда амалга оширилганида рамзий ва чуқур амалий маъно бор.

Учрашув доирасида Қозоғистон Республикаси Адлия вазири М.Бекетаев давлат томонидан илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва миллий қонунчиликнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Бу борада ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини ўтказишга масъул Марказий Осиё минтақасининг Адлия органлари ўртасида стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

Мазкур чора-тадбирлар савдо-иқтисодий муносабатларини йўлга қўйишга йўналтириш учун томонларга тажриба алмашиш йўли билан қўшни мамлакатлар қонунчилигини уйғунлаштиришга ёрдам беради. Ташриф дастури нафақат Қозоғистон Адлия вазирлигининг департамент ва бошқармалари, балки Интелектуал мулк миллий институти, Қонунчилик институти, Республика ҳуқуқий ахборот маркази, Суд-экспертизалари маркази, Остона шаҳрининг Адлия департаменти фаолияти тақдимотини ҳам кўзда тутади.

Шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш марказларидан бирига ташриф буюриш орқали "Фуқаролар учун ҳукумат" давлат корпорацияси фаолияти ўрганилди. Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг 2013 йил 18 сентябрдаги 983-сонли қарори билан 709 давлат хизматларини мужассам қилган давлат хизматлари реестри тасдиқланган.

Интелектуал мулк миллий институтига ташриф доирасида қозоғистонлик ҳамкасблар Қозоғистонда интелектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сақлаш хусусиятлари ҳақида сўзлаб берди. Мазкур соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш Адлия органлари ваколатига киришини таъкидлаш жоиз.

"Давлат хизматлари тўғрисида"ги қонун қабул қилинишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепцияси ижроси жараёнида маъмурий давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги, сифатли тизимини апробация қилиш бўйича Қозоғистон тажрибаси эътиборга молик.

Демак, 2018 йилдан бошлаб синов тариқасида Қозоғистон Республикасининг давлат хизмати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Остона шаҳри ва Манғит вилояти адлия вазирлиги ва акиматларининг маъмурий давлат хизматчилари учун факт-баллар шкаласи асосида меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги тизими жорий этилди.

Шу билан бирга, ҳақ тўлаш даражаси давлат хизматчиси давлат органи стратегик мақсадларига эришишга қандай ҳисса қўшаётганлигига боғлиқ бўлади. Бонусларни тўлаш эса ўрнатилган шкалага мувофиқ давлат хизматчиси олган аниқ баҳодан келиб чиқиб белгиланади. Бонусларни фақат юксак натижаларга эришаётган хизматчилар қўлга киритади. Бунинг учун эса давлат хизмати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан улар фаолияти самарадорлигини баҳолайдиган тизим жорий этилган.

Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлигида шунингдек, ҳуқуқий мониторинг, нотариуслар, адвокатлар, хусусий суд ижрочилари, суд экспертлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва лицензия бериш соҳасида ҳам катта тажриба тўпланган.

Ташриф конструктив руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги