Бош прокуратурадаги янгиликлар
Яна бир ҳоким ўринбосари пора олаётганда қўлга олинди
08.10.2018

Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда фуқаро Х.Р.нинг мурожаати юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда, Хива шаҳар кадастр бўлими мутахассиси М.И. фуқаро Х.Р.дан, унинг таниши З.А.нинг номига 1000 кв. метр ер участкаси ажратиб бериш эвазига 2000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тадбир давомида М.И. олган пулларни Хива шахар ҳокими ўринбосари Ш.О.га бериши кераклигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, мазкур жиноятни фош этишда фаол иштирок этишини маълум қилган.

Шунга асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, Хива шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ш.О., шаҳар кадастр бўлими мутахассиси М.И.дан 2000 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Ахборот хизмати