Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Адлия вазирлиги томонидан «Маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
01.10.2018

Адлия вазирлиги томонидан «Маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда. 

Қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши Президентнинг 02.07.2018 йилдаги ПҚ-3827-сон қарорида назарда тутилган эди. Шунингдек мазкур ҳужжат билан махсус реабилитация маркази ташкил этилган, жабрланганлар мурожаат қилиши учун «тезкор алоқа» йўлга қўйилган.   

Тақдим этилган қонун лойиҳасининг тушунчалар доираси кенг. Авваламбор, маиший зўрлик ишлатиш деганда кундалик оилавий турмушда бир шахс (бир гуруҳ шахслар) томонидан бошқа шахсга нисбатан унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, жинсий дахлсизлиги, ор-номуси, қадр-қимматига ҳамда қонун билан ҳимояланадиган бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилиши тушунилади.

Маиший зўрлик ишлатиш турли шаклда бўлиши мумкин:

Маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш билан бевосита прокуратура, адлия, ички ишлар, меҳнат, таълим ва соғлиқни сақлаш органлари, шунингдек Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» маркази ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари шуғулланадилар. Қонун лойиҳаси билан уларнинг ваколатлари батафсил тартибга солинган.

Маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизими умумий ва якка тартибдаги чора-тадбирларни ўз ичига олади. Биринчисига тегишли давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳуқуқий тарғибот ва таҳлилий ишлар киради. Иккинчиси - аниқ ва махсус йўналтирилган тадбирлар: маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш юзасидан ўтказиладиган суҳбатлар, ҳимоя ордерини расмийлаштириш, аҳолини ушбу ҳаракатларни келтириб чиқарадиган сабаблар ва шарт-шароитлар ҳақида хабардор қилиш ҳамда жабрланганларни махсус реабилитация марказларига жойлаштириш.

Ҳимоя ордери бирга яшашда бир-бирига зарар етказмаслик ва эҳтиёткорлик чорасидир (прокурор назорати далолатномалари, «Прокуратура тўғрисида»ги Қонуннинг 40, 42-моддалари). Бу билан шахс бундан кейин ножўя ҳаракатларга йўл қўймаслиги, маиший зўрлик ишлатишга мойил хулқ-атвори учун жавобгарликка тортилиши ҳақида хабардор қилинади. Ордерда қуйидаги талаблар кўрсатилиши мумкин:

Ҳимоя ордери жабрланувчига (кўчирма нусхаси - айбдорга), агар у 14 ёшга тўлмаган бўлса, ёки муомалага лаёқатли бўлмаса - қонуний вакилига, васийлик органига ёхуд вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга берилади. Бу маиший зўрлик ишлатилганлиги далили белгиланган вақтдан бошлаб бир сутка ичида амалга оширилади. Ордер 15 кунгача амал қилади, амал қилиш муддатини 30 кунга узайтириш мумкин. Ҳудудий ИИБ томонидан ҳимоя ордерлари берилади ва уларнинг ижроси юзасидан назорат олиб борилади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.