Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Адлия органлари ва муассасаларининг расмий рамзи-эмблемалари янгиланди
01.10.2018

Адлия вазирининг 2018 йил 25 сентябрдаги буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги, Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази, шунингдек, давлат нотариал идораларининг расмий рамзи – эмблемалари тасдиқланди. Унга кўра:

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий рамзи ‒ эмблемаси инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш рамзини англатувчи, пастки қисми чўзилган ва юқори бурчаклари кесилган учбурчак кўринишдаги қалқон шаклида бўлиб, уни дафна япроқлари безаб туради.

 

Қалқон юзаси кумуш рангда. Қалқондаги сариқ ранглар эътиборни тортувчи ва ҳушёрликка чорловчи ранг сифатида ифодаланган.

 

Қалқон марказида адолат рамзи бўлган тарози жойлашган. Тарози адолат, одиллик ва қонунийликни англатади.

 

Қалқон ичида икки йўл тасвирланган бўлиб, улар адолат ва ҳақиқатга элтувчи йўлларни билдиради. Йўлларнинг кўк рангда тасвирланиши барча эзгу ишларимизни қонун билан ҳимоя қилинганлигини билдиради. Ушбу йўлларни адолат нурларини ифодаловчи қуёш нурлари ёритиб туради.

 

 

Давлат нотариал идораларининг эмблемаси жигарранг рангдаги овал шаклда бўлиб, унинг ичида буғдой бошоқлари, қалқон ичида олтин рангдаги муҳр ва ручка тасвирланган.

 

Овалнинг пастки қисмида унинг четидан учлари чиқиб турган тўртбурчак ичида оқ рангда лотин алифбосида бош ҳарфлар билан “NOTARIUS” ёзуви мавжуд.

 

Қалқон тасвири нотариус томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни англатади.

 

Буғдой бошоқлари нотариус касбининг виждонлилигини билдиради.

 

  

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг эмблемаси ҳаёт, ривожланиш рамзини англатувчи, тўқ яшил рангли бир нечта олти қиррали шакллардан иборат бўлиб, барча давлат хизматларини ўзида мужассамлаштирган тузилмани англатади.

 

Ички олти бурчакли шакллар ўлчамининг турли хил эканлиги Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматларнинг даражалари ҳар хил эканлигини билдиради.

 

Давлат хизматлари агентлигининг барча хизматлари шаффофлиги ва ўзаро боғланганлигини англатиш учун ички шакллар бир текисда, изчил жойлашган.

 

Ички шакллар рангларининг тепадан пастга қараб тўқ рангли бўлиб бориши давлат хизматлари кўрсатиш сифатининг доимий яхшилаб борилиши, тезкорлиги ва шаффофлиги оширилиб борилишини англатади.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг эмблемаси шаффофлик ва ривожланиш рамзини англатувчи кўк-зумрад рангдан иборат мультимедиа соҳасига тегишли “Play” тугмасини ўзида ифодалаб, бу оммавий ахборот воситаларида ахборотни тўғри, тезкор ва сифатли етказишни англатади.

 

Эмблемадаги йўллар мультимедиа маркази томонидан етказиладиган медиа маҳсулотлар халқни адолат ва ҳақиқат йўлига бошлашига ишорани англатади.

 

Эмблемадаги кўк-зумрад ранги фаолиятнинг шаффоф эканлигини, шу билан бирга билимлилик, улуғворликка даъват қилувчи, аҳоли билан самимий мулоқотни уйғотувчи ранг ҳисобланади.

 

Адлия вазирлиги 

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими