Бош прокуратурадаги янгиликлар
Ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда
29.09.2018

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ҳамда Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси билан ҳамкорликда болаларда касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика қилиш, уларнинг тиббий кўригини ва даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш, никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўригини ташкил этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар аҳволи мунтазам равишда ўрганиб келинмоқда.

Хусусан, Наманган вилояти прокуратураси билан ҳамкорликда Наманган вилоятида якка тартибда уй шароитида таълим олаётган ногирон ва бошқа касаллиги бўлган ўқувчиларнинг яшаш ва таълим олиш шароитлари уйларига борилган ҳолда ўрганиб чиқилди.

Ушбу тадбирлар жараёнида вилоятда якка тартибда таълим олаётган 1047 нафар ногирон болалардан ногиронлик аравачаларига муҳтожлиги бўлган 240 нафарига ногиронлик аравачалари берилган.

Шунингдек, 6 нафар болаларга қўлтиқ таёқ, 32 нафарига эшитиш мосламаси, 21 нафарига протез-ортопедия мосламалари, 23 нафарига замонавий парта ва столлар ҳамда турли хилдаги ўқув қуроллари берилиб, ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

Бош прокуратура ахборот хизмати