Бош прокуратурадаги янгиликлар
Бош прокуратура академиясида халқаро семинар бўлиб ўтди
29.09.2018

Бош прокуратура Академиясида Япония Адлия вазирлиги ва Нагоя университети вакилларидан иборат делегация ташрифи доирасида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: Ўзбекистон ва Япония тажрибаси» мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, Юристлар малакасини ошириш маркази, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази, Тошкент давлат юридик университети, Адвокатлар палатаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Семинар давомида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва профилактика қилиш соҳасида Япония тажрибаси ўрганилди. Хусусан, йўл-транспорт ҳодисалари, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш, шунингдек Японияда жазо тайинлаш ва жазодан озод қилиш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, семинарда Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси ёритилди.

Семинар якунида иштирокчилар ўзаро фикр алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Бош прокуратура ахборот хизмати