Олий суддаги янгиликлар
Қонунбузарлар жазоланди
28.09.2018

Фарғона вилояти Қува туманида ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланган шахсларга суд тегишли жазо тайинлади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш борасида тезкор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Натижада ноқонуний валюта айирбошлаш билан шуғулланувчиларнинг қонунбузарлик ҳаракатларига чек қўйилмоқда. 

Маълумки, бугунги кунда банк шохобчаларида фуқароларнинг хорижий валютани миллий валютамизга айирбошлаши ёки хорижий валюта харид қилиши учун қонуний шарт-шароитлар яратилган. Бироқ, ҳалигача ноқонуний йўл билан даромад топишга уринаётганлар учраб турибди. 

Равшан Абдуллаев ва Нодир Ҳакимов олдиндан тил бириктириб, жуда кўп миқдордаги валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда “харидор”га ўтказмоқчи бўлди. Н. Ҳакимов махсус харидор Ш. Содиқова билан Қува туман тиббиёт бирлашмаси ёнида кўришади. “Мижоз”нинг олиб келган маблағини ўз бошқарувидаги автомашина юкхонасига жойлайди. Сўнг иккаласи биргаликда Р. Абдуллаевнинг хонадонига боради. У ерда 1 АҚШ долларини 7 минг 990 сўмдан баҳолаб, жами 15 минг АҚШ долларини харидорга ўтказишга келишади. Ш. Содиқовага 11 минг АҚШ долларини сотиб, қолган 4 минг АҚШ долларини танишлари орқали топиб бериш мақсадида телефон қилиб турган пайтда ДХХ вилоят бошқармаси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир пайтда далилий ашёлар билан қўлга олинди. 

Хорижий валютани ноқонуний олди-сотди қилган Р. Абдуллаев ва Н. Ҳакимовга жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан тегишли жазо тайинланиб, ашёвий далил сифатида олинган пуллар давлат фойдасига мусодара қилинди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди