Олий суддаги янгиликлар
Нега Сурхондарёда қасддан баданга оғир шикаст етказиш 4,4 фоизга ошган?
10.09.2018

Вилоятда умумий жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,4, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 34,4, ўта оғир жиноятлар 23,4, оғир жиноятлар 26,1, босқинчилик 87,5, фирибгарлик 7,5, ўғирлик 48,4, инсон ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси 13,1 фоиз камайган.

Шунингдек, номусга тегиш, товламачилик, транспорт воситасини олиб қочиш, безорилик, қасддан баданга енгил ва ўртача тан жароҳати етказиш каби жиноятлар камайишига эришилган.

Бироқ, бу борада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмагани айрим жиноятларнинг ўсишига ҳам олиб келган. Хусусан, вилоятда қасддан баданга оғир шикаст етказиш 4,4 фоизга ошган. Оғир жиноятлар камайган бўлса-да, Термиз шаҳри, Ангор, Музработ, Олтинсой туманларида бу турдаги жиноятлар сони ортган. Қизириқ туманида фирибгарлик, Шерободда муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар, Жарқўрғон туманида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар, Шеробод, Сариосиё ва Жарқўрғон туманларида, аёллар томонидан содир этилган жиноятларнинг Қумқўрғон туманида кўпайгани ҳам ачинарлидир.

Вилоятдаги 717 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 298 тасида жорий йилнинг ўтган даврида умуман жиноят содир этилмаган бўлса-да, Термиз шаҳридаги Алпомиш, Денов туманидаги Лолазор каби бир қатор маҳаллаларда жиноятлар сони ошган. Термиз шаҳридаги «Алпомиш» маҳалла фуқаролар йиғинида 37 жиноят юз берганини қандай изоҳлаш мумкин? Ёки «Шифокор» маҳалла фуқаролар йиғинида муқаддам судланган 25 нафар шахснинг атиги 7 нафари иш билан таъминлангани жиноятларнинг олдини олишга эътиборсизлик нишонаси эмасми? Бу мазкур маҳаллалар фаоллари, профилактика инспекторлари ва секторлар раҳбарларининг масъулиятни чуқур ҳис этмаётгани, ўзаро ҳамкорликни талаб даражасида йўлга қўя олмаётганининг амалдаги исботидир.

Термизда видеоселектор шаклида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида шу ҳақида сўз юритилиб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» тизими асосида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Танқидий таҳлилий руҳда ўтган сессияда узоқ йиллар хорижда юриб яшаш манзилларига қайтиб келган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва бандлигини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар ҳам таҳлил қилинди.

«Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» тизимига мувофиқ тегишли тармоқларнинг фаолият йўналишларини белгиловчи «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш тавсия этилди. Ҳуқуқ тартибот идоралари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, ёшлар иттифоқи, ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаолияти самарадорлигини янада ошириш вазифаси топширилди.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раисининг ўринбосари Б. Деҳқоновнинг ахбороти ва мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Сессияда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди