Олий суддаги янгиликлар
Ўзбекистонда истиқболли бошқарув кадрлари танлови эълон қилинди
30.08.2018

Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича «Тараққиёт» республика танлови эълон қилинди. Танлов жорий йилнинг 30 майидаги Президент қарорига асосан уч йилда бир марта ўтказилади.

Танлов ғолиблари «Бошқарув кадрларини тайёрлашнинг президент дастури» бўйича уч ойлик ўқув курсида таълим олади, хорижда амалиёт ўтайди, кейин эса давлат ташкилотларида бошқарув лавозимларига тайинланади.

«Тараққиёт» танлови қуйидаги 16 та номинация бўйича ўтказилади:

1. Давлат ва жамият бошқарувида энг яхши бошқарув ходими;
2. Суд-ҳуқуқ соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
3. Кредит-молия тизимида энг яхши бошқарув ходими;
4. Саноат соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
5. Ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
6. Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
7. Архитектура ва қурилиш соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
8. Коммунал хўжалик соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
9. Солиқ ва божхона соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
10. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
11. Таълим, фан ва инновациялар соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
12. Соғлиқни сақлаш соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
13. Маданият, санъат ва спорт соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
14. Ташқи сиёсат, ташқи иқтисодий фаолият ва туризм соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
15. Макроиқтисодиёт ва ҳудудий ривожлантириш соҳасида энг яхши бошқарув ходими;
16. Транспорт ва логистика соҳасида энг яхши бошқарув ходими.

Танловда 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган базавий олий маълумотга эга ва тегишли соҳада камида уч йил бошқарув лавозимида ишлаган Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиши мумкин.

Танловда иштирок этиш учун taraqqiyot-tanlov.uz сайтида 1 октябрдан 30 октябргача бўлган муддатда рўйхатдан ўтиш керак. Танлов ҳақида батафсил маълумот сайтда берилган.

Танлов финалига 150 нафар талабгор танлаб олинади, улардан 50 нафари ғолиб деб топилади.


Ўзбекистон Республикаси 
Олий суди матбуот хизмати