Олий суддаги янгиликлар
USAID вакиллари Наманганда E-SUD тизими билан танишди
30.08.2018

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон ва Наманган туманлараро судларида E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими воситасида фуқароларга яратилган интерфаол хизматлар билан танишди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, USAID ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида жорий этилган Е-SUD тизими соҳа фаолиятида шаффофликни таъминлашга хизмат қилаётир.

USAID вакиллари E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизимининг ишлаш тартиби, босқичлари, судга электрон шаклда келиб тушган аризани рўйхатдан ўтказишдан QR-код дастури орқали чиқарилган суд қарори ҳақиқийлигини текширишгача бўлган жараённи бевосита кузатиш имкониятига эга бўлди.

Мазкур тизим фуқаролик ишлари бўйича барча туманлараро, шаҳар ҳамда туман судларида татбиқ этилиб, бунгача соҳа мутахассислари учун электрон судлов тизимидан фойдаланиш бўйича махсус ўқув тренинглар ташкил этилган.

Тизимнинг амалда қўлланилиши натижасида судга мурожаат қилиш учун кетадиган вақт қисқарди, ортиқча қоғозбозликларга чек қўйилди.

Эндиликда узоқ масофани босиб ўтиш, турнақатор навбатда туришга ҳожат йўқ. Қолаверса, суд ишининг ҳолатини, яъни қарор чиқарилгани ёки ишнинг кўриб чиқилаётганини онлайн тарзда кузатиб бориш имконияти мавжуд.


Ўзбекистон Республикаси 
Олий суди матбуот хизмати