Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўзбекистон-Ҳиндистон: ҳуқуқий соҳадаги муносабатларнинг янги босқичи
10.08.2018

Жорий йилнинг 8 август куни Нью Деҳли шаҳрида (Ҳиндистон Республикаси) Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Ҳиндистон Республикаси Ҳуқуқ ва адлия вазирлиги вакиллари билан учрашуви  бўлиб ўтди. Мазкур учрашув мамлакатимиз делегациясининг Президентимизнинг Ҳиндистонга ташрифи чоғида имзоланиши режалаштирилаётган икки томонлама ҳужжатлар лойиҳаларини Ҳиндистон томони билан ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича Ҳиндистонга ташрифи доирасида ташкил этилди. 

Учрашувда томонлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ҳиндистон Республикаси Ҳуқуқ ва адлия вазирлиги ўртасида ҳуқуқ ва адлия соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳаси тасдиқланди, шунингдек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон Республикалари ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартнома лойиҳаси устида иш бошланди.

Ҳиндистоннинг Ҳуқуқ ва адлия вазирлиги Халқаро-ҳуқуқ муносабатлари департаменти бошлиғи Шри Ядав (Shri G.S. Yadav) томонларнинг норма ижодкорлиги, ҳуқуқий ахборот алмашинуви, ҳуқуқ соҳасида эксперт ва профессорлар алмашинуви, юридик хизматлар кўрсатиш ва арбитраж, адлия вазирлиги ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, қўшма семинар ва конференцияларни ўтказиш каби соҳаларда ҳамкорлик муҳим эканлигини таъкидлади.

Томонлар ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича бепул ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги қайд этилиб, мазкур соҳада икки томонлама шартномани ишлаб чиқиш ва уни яқин кунларда келишиш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

Учрашув якунида томонлар учрашув натижаларидан мамнунлигини қайд этиб, ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга ишонч билдиришди.

Адлия вазирлиги