Бош прокуратурадаги янгиликлар
Бош прокуратурада «buyuk kelajak» хннт экспертлари билан учрашув бўлиб ўтди
09.08.2018

2018 йил 07 август куни Бош прокурор О.Муродовнинг  «Buyuk kelajak» Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда KPMG аудитор-консалтинг компанияси вакиллари билан Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача узоқ муддатли ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси таклифларининг муҳокамаси юзасидан учрашуви бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда «Тараққиёт стратегияси» Маркази ижрочи директори А.Бурханов, «Buyuk kelajak» ХННТ ҳаммуассиси О.Шайхов, «Buyuk kelajak» ХННТ ижрочи директори ўринбосари З.Азимова, «Buyuk kelajak» ХННТ Экспертлар Кенгаши эксперти Х.Реджабоев, Халқаро стратегия гуруҳи ва KPMG компанияси (Россия) вакиллари С.Чекмазова, С.Коротких, Бош прокуратура Академияси, ижтимоий-иқтисодий ва қонун ижодкорлиги соҳасига оид таркибий тармоқлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Учрашув давомида иштирокчилар томонидан Тараққиёт стратегияси лойиҳасида белгиланган: давлат ва жамият бошқаруви тизимидаги демократик ислоҳотларнинг изчиллиги, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва яшаш шароити даражасини ошириш, инфраструктура ва саноатни ривожлантириш, молия секторини ривожлантириш, инновация, илм-фан, туризм, маданият, таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишлари кенг муҳокама қилинди.

Учрашув конструктив тарзда бўлиб ўтди, унда Бош прокуратура раҳбарияти томонидан «Buyuk kelajak»нинг ташаббус ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширилишида кўмаклашишга тайёрлиги билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси