Битта шартнома доирасида айнан бир хил товарларнинг доимий олиб ўтилиши қандай декларацияланади
10.07.2018

Давлат божхона қўмитасининг қарори (рўйхат рақами 3037, 5.07.2018 й.) билан Бир ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштирувини даврий БЮД тақдим қилиш йўли билан амалга ошириш тартиби тасдиқланди.

Даврий божхона юк декларацияси (кейинги ўринларда – БЮД)  бир хил товарлар бир шартнома (келишув, битим) асосида айни бир шахс томонидан доимий (60 календарь кун ичида бир мартадан кўп марта) олиб ўтилганда расмийлаштирилади.  

Айнан бир хил товарлар дейилганда ишлаб чиқарилган мамлакати, физик хусусиятлари, сифати, ишлаб чиқарувчиси ва ТИФ ТН бўйича товар кодининг ўнта белгили даражаси бир хил бўлган товарлар тушунилади.

Божхона расмийлаштирув 2 босқичда амалга оширилади:

I босқичда даврий БЮД расмийлаштирилади. У билан бирга божхона расмийлаштируви учун товар ва транспорт воситаси кузатув ҳужжатлари декларациялаётган шахсга тегишли ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилади.

Божхона органининг мансабдор шахси томонидан барча олинган маълумотлар Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида (ЯААТ) юкланади ва рўйхатдан ўтказилади.

Мазкур ҳаракатлар якунлангандан сўнг, шу жумладан божхона кузатуви ўткзилгандан кейин товар ваколатга эга бўлган шахснинг ихтиёрига берилади.

Даврий БЮД Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома талабларига мувофиқ тўлдирилади.

II босиқчда божхона чегарасидан тўлиқ ёки қисман олиб ўтилган товарларга тўлиқ БЮД тўлдирилади. У даврий БЮД расмийлаштирилган санадан 60 календарь кундан ошмаган муддатда тақдим этилади.

Бунда божхона тўловлари суммасини ҳисоблаш учун даврий БЮД қабул қилинган кунда амалда бўлган ставкалар ва валюталар курси қўлланилади.   
Эътибор қилинг! Бир ташқи савдо шартномаси бўйича ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига мансуб, озон қатламини бузувчи ва таркибида унинг маҳсулотлари бўлган объектларни божхона чегарасидан олиб ўтишга карантин рухсатномалари, шунингдек ветеринария, экология ҳамда бошқа сертификатлар ва рухсатномалар 1 календарь йил давомида бир марта берилишига рухсат этилган.  
Шунингдек эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июлидан  бир ташқи савдо шартномаси доирасида олиб кириладиган маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби жорий қилинган Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг.   

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.07.2018 йилдан кучга кирди.

Манба: norma.uz