«Hi-tech city» ўрнига – ўша жойнинг ўзида «Delta city»
09.07.2018

Президентнинг 4.07.2018 йилдаги «Тошкент шаҳрида «Delta city» халқаро юқори технологияли инновацион марказ» лойиҳасини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3833-сон қарори эълон қилинди.

 Лойиҳада нималар назарда тутилган

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 5.03.2018 йилдаги 169-сонли қарорига мувофиқ пойтахтнинг Юнусобод туманида «Нi-tech city» халқаро юқори технологияли инновацион марказни ташкил қилиш режалаштирилган эди. Марказ тадқиқот институти, талабалар шаҳарчаси, кўп қаватли уйлар ва якка тартибдаги турар жойлардан иборат бўлиши олдиндан маълум қилинган эди. Марказ Ифтихор, Амир Темур, Кичик ҳалқа йўли ва Сандиққўрғон кўчалари билан ёндош бўлган ҳудудда жойлаштирилиши белгиланган.

Бугунги кунга келиб лойиҳа доирасида Ахборот ва телекоммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳузурида янги объектларни қуриш ва ишга тушириш дирекцияси тузилди. Бундан ташқари, қуйидаги ишлар амалга оширилди:

·         ер участкаси чегараларини белгилаш билан топографик суратга олиш;

·         бузиладиган турар жойларни, нотурар бино ва иншоотлар 1.04.2018 йилдаги ҳолатига кўра ҳудудда ҳақиқатда яшовчи оилалар рўйхатини белгилаш билан хатловдан ўтказиш.

 

Энди лойиҳа «Delta city» халқаро юқори технологияли инновацион марказ» деб қайта номланди, лекин ўша белгиланган жойда жойлаштирилади. Ишлар давом эттирилади.    

Ҳокимият муҳим масалаларни ҳал этиши керак

Айтиб ўтилган ҳудудда бир нечта йирик объектлар мавжуд. Улар орасида «Ўзэкспомарказ» ХКК, жумладан кўргазма павильонлари, «Тошкентленд» болалар истироҳат боғлари, «Аквапарк», «Япон боғи», «Экспо» меҳмонхонаси бор. Бундан ташқари, бу ерда «Халқаро бизнес маркази» («Халқаро ҳамкорлик маркази»), шунингдек «Интерсервис» республика хўжалик ҳисобидаги ташқи иқтисодий бирлашмаси, шу жумладан «International Hotel Tashkent» меҳмонхонаси жойлашган. 50% ва ундан ортиқ давлат улушига эга бўлган объектлар дирекция оператив бошқарувига ўтказилади.

Бундан ташқари, ҳудудда (қисман) 4 маҳалла: Минор, Ифтихор, Уста Ширин ва Туркқўрғон маҳаллалари жойлашган. Шаҳарлар, посёлкалар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ ҳар бир маҳалла, одатда, 500 та оилани бирлаштиради. Интерактив карта ёрдамидаги ҳисоб-китобларимизга кўра бу ерда беш юздан ортиқ якка тартибдаги уй-жойлар ва 7 та кўп қаватли уй жойлашган.

Оилаларни, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни кўчириш, турар жойлар, нотурар бино ва иншоотларни бузиб ташлаш, юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари олиб қўйилганлиги ва кўчмас мулк бузилганлиги муносабати билан етказилган зарарни қоплаш керак бўлади  (Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомга қаранг).

Бу – муҳим! Мазкур харажатлар берилаётган ер участкалари ҳажмига қараб тенг улушларда инвесторлар зиммасига юкланади.

 

Лойиҳа иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзлари

 1.07.2021 йилга қадар муддатда бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилган:

·         инвесторлар лойиҳа ҳудудидаги объектларни қуриш билан боғлиқ фаолияти борасида ягона солиқ тўлови, мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан;

·         бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилотлари – норезидентлар томонидан бажарилган ишлар (хизматлар) бўйича ҚҚС тўлашдан;

·         белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхатлар бўйича дирекция, инвесторлар, бош пудратчи ташкилотлар томонидан олиб кириладиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш техникаси, ускуналари, бутловчи буюмлар эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, металл конструкциялари  – божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари);

·         дирекция фаолияти давомида барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод қилинади.

 

Манба: norma.uz