Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўзбекистон делегацияси туғилишни қайд этиш масалаларига бағишланган минтақавий конференцияда иштирок этди
12.06.2018

Шу кунларда Олмаота шаҳрида (Қозоғистон) ҳуқуқий лаёқатни ўрнатиш ва Марказий Осиёда фуқаросизликка барҳам бериш масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиёнинг барча давлатлари ҳукумат вакиллари, шунингдек, Руминия, Россия Федерацияси ва Таиланддан таклиф этилган иштирокчилар қатнашди. Конференция Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва БМТ ҚОКБ  томонидан БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда БМТнинг Осиё ва Тинч Океани минтақаси иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

 

Минтақавий конференцияни ўтказишдан асосий мақсад фуқаросизликни бартараф этишга доир вазифаларни ҳисобга олган ҳолда туғилишларни қайд этиш масаласини ҳал этишнинг аниқ усулларини кўриб чиқишдан иборатдир.

 

“ЮНИСЕФ” маърузасида Марказий Осиёда туғилишни қайд этиш кўрсаткичлари юқори эканлиги, Ўзбекистон эса 100 фоизлик кўрсаткич билан юқори ўринни эгаллаб тургани қайд этилди.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бола туғилишини қайд этиш ҳақидаги маърузаси энг яхши тажриба сифатида иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

 

Конференция давомида Қозоғистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили бўлган З. Балиева Ўзбекистон тажрибаси Қозоғистон Республикасида қонунчилик асослари ва туғилишни қайд этиш механизмларини ишлаб чиқиш асносида ўрганилганини алоҳида таъкидлади.

 

Конференция якунида туғилишни қайд этиш каби глобал муаммолар билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун Марказий Осиё давлатлари ўртасида яқин ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди. Шу билан бирга, айрим мамлакатларда ҳуқуқий механизмни яратиш илғор тажрибани ўрганишга асосланиши керак эканлиги қайд этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги