Олий суддаги янгиликлар
Қидирувдаги ўқувчи ўз ихтиёри билан қайтиб келди
10.06.2018

Қувасой шаҳрида яшовчи Фазлиддин Азимов (мақолада исм-шарифлар ўзгартирилган) 2015 йил сентябрь ойида Қувасой саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига ўқишга қабул қилинганди. Аммо у I босқични бир амаллаб битирди-ю, II босқич ўқиш даврида жиноятга қўл урди.

Аслида воқеа шундай юз берганди. Аввалига фуқаролар А. Собиров, Р. Мамадалиев, М. Ёндошев, Қ. Худойберганов ва Т. Назировлар Қирғизистон Республикасининг Қувасой шаҳри билан чегарадош қисмидан жуда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларни ўтказиб, ноқонуний бойлик орттириш бўйича жиноий тил бириктиришади. Фақат жиноий гуруҳ фаолиятига бир киши камлик қилгани боис Р. Мамадалиев синфдоши Ф. Азимовни ҳам жиноят кўчасига етаклади. Яъни 2017 йил 9 май куни кеч соат 19:30 ларда Рўзимуҳаммад Фазлиддинга қўнғироқ қилди.

– Бир соатлардан кейин чегарага юк келади. Агар уларни қир тагига ташиб берсак, ҳар бир қопига қирқ минг сўмдан беришади, – дейди у оғайнисини қизиқтириб. – Қўрқма, ёлғиз эмасмиз. Муҳриддин, Қудрат ва Тўлқинжон ҳам бизга шерик бўлишади.

Ф. Азимов ўйлаб ўтирмай, синфдошига розилик берди.

Шундан сўнг Фазлиддин соат 21:00 да отини миниб, уйдан чиқди. Келишувга кўра, у ўзи истиқомат қиладиган Найман қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти Аравон тумани билан чегарадош қисмига бориб, белгиланган манзилда уч нафар отлиқ: эски танишлари Муҳриддин Ёндошев, Қудрат Худойберганов ва Тўлқинжон Назировни кўради. Улар биргалашиб, Рўзимуҳаммад айтган жойга қараб юришди. Бу маҳал М. Ёндошевнинг Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳрида яшовчи Қайрат исмли қариндоши 18 та қоп ва 10 та қоғоз қутиларга жойланган аёллар кийимлари ҳамда компьютер эҳтиёт қисмларини давлат чегарасига тортилган сим тўсиқ устидан улоқтирган ҳолда ўтказиб қўйганди. Шу сабабли йигитлар ҳар бир отга тўрттадан қопни ортиб, орқага қайтишди. Лекин ҳеч қанча юрмасларидан чегарачилар келиб қолишди. Натижада улар қопларни ташлаб, қочиб кетишди. Шу боис қоп ва қутилардаги 4 хил турдаги товарлар чегарачилар томонидан далилий ашё сифатида олинди. Фарғона шаҳридаги “Континент имкон баҳо” МЧЖ томонидан 2017 йил 20 июлда берилган 322-сонли хулосага кўра, мазкур товарлар 278.166.000 сўмга баҳоланган.

Ана шу воқеадан кейин Фазлиддин отаси Йигитали Азимовнинг ёнига – Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрига жўнаб қолди ва ўша ерда отаси билан бирга ишлаб юрди. Шу йил март ойининг бошларида Йигитали ака мамлакатимизга келганида эса Қувасой саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи илмий-педагогик кенгашининг 2017 йил 4 июндаги 72-сонли буйруғига мувофиқ ўғлининг курсдан курсга қолдирилганидан, қолаверса, қидирувда эканлигидан хабар топди. Негаки, юқоридаги қилмиши учун Ф. Азимовга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинганди. Й. Азимов ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига учраб, ўғлининг тақдири юзасидан маслаҳат сўради. Қонун ҳимоячилари Фазлиддиннинг ўз ихтиёри билан қайтиб келиши жиноий жавобгарликни енгиллаштиришини тушунтиришди.

Шунинг учун отасининг чақирувига биноан Фазлиддин 2018 йил 13 апрель куни республикамизга қайтиб келиб, тергов ва суддан яшириниш нияти бўлмаганлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги ҳамда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини маълум қилди.

Яқинда мазкур иш жиноят ишлари бўйича Сўх туман суди томонидан сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд Фазлиддинни Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбдор деб топиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигидан ташқари ёшини, оилавий шароитини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганини, оғир оилавий шароитда жиноят содир этганлиги, муқаддам судланмаганлиги ҳамда ўз ихтиёри билан тергов органларига келганлигини инобатга олган ҳолда Жиноят кодексининг 57-моддасига асосан айни жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 (эллик) баравари – 7.488.750 сўм (ўша пайтда энг кам ойлик иш ҳақи 149.775 сўм бўлган) миқдорида жарима жазоси тайинлади. Энг муҳими, Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида судланувчининг 2018 йил 13 апрелдан буён қамоқда ўтирган ҳар бир кунини энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисмига тенглаштириб ҳисоблаб, тайинланган жазодан чегириб ташлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суд юқоридаги жиноятнинг содир этилиш сабабларини судланувчи Ф. Азимов истиқомат қилган Найман маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ҳудуд профилактика инспектори ҳамда Қувасой саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи масъулларининг ҳамкорликда иш олиб бормагани, аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан кенг жамоатчилик таъсирини ўтказиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг оилавий шароитларини ўрганиб, ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказиш ишлари амалга оширилмаганлиги билан ҳам изоҳлади. Бинобарин, тилга олинган салбий омилларни бартараф этиш ва Фазлиддинни коллежга қайтариш чораларини кўриш юзасидан хусусий ажрим чиқарилиб, Найман МФЙ ҳамда Қувасой саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига юборилди.

Умид қиламизки, баён этилган жиноят ишидан барча масъуллар ва ота-оналар ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишади.


Рустамжон ЗАРИПОВ,
Жиноят ишлари бўйича 
Фарғона вилояти 
Сўх туман суди раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист