Олий суддаги янгиликлар
Яраштириш имконияти орқали 130 оила тикланди
02.06.2018

Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни асраш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келади. Зеро, оилада миллий қадрият ва анъаналар ривож топиши билан бирга эртанги кунимиз эгалари – фарзандлар камолга етади.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Фармон ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий маркази ва маҳалла кенгашлари ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида хотин-қизлар ва вояга етмаган болалар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва ажралишларнинг олдини олишга қаратилган очиқ мулоқот ва суҳбатлар ўтказилди.

Тадбирларда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг олдини олиш, шунингдек, ёшларни оилага тайёрлаш бўйича тизимли иш олиб боришга эътибор қаратилди.

Эътиборлиси, тадбирлар жараёнида турли сабабларга кўра, ажрашиб яшаётган эр ва хотинлар билан ўтказилган алоҳида-алоҳида суҳбатлар натижасида 130 оилани яраштиришга муваффақ бўлинди.

Юздан зиёд оиланинг тикланиши қанчадан-қанча болажонларнинг кемтик кўнгли тўлгани, ўксик қалби қувонганини англатади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди