Бош прокуратурадаги янгиликлар
Бош прокуратура академиясида давра суҳбати ўтказилди
31.05.2018

М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан тузилган Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида хорижий экспертлар – МДУ профессорлари Т.Базаров ва А.Булгаков иштирокида прокуратура органлари фаолиятини психологик таъминлаш масалаларига доир давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Бош прокуратура Академияси тингловчилари ва профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.

Давра суҳбати давомида Бош прокуратура Академияси раҳбарияти хорижий экспертларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 8 майдаги ПФ-5438-сонли “Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан таништирди. Мазкур Фармон билан Академияда прокуратура органлари фаолиятини психологик таъминлаш бўлимини тузиш назарда тутилганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Экспертлар ўз маърузаларида прокуратура фаолиятини психологик таъминлаш, шунингдек прокуратура органлари ходимларининг психологик барқарорлигини аниқлаш бўйича илмий изланишлар олиб боришнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбир конструктив тарзда бўлиб ўтди, меҳмонлар томонидан Академиянинг иш фаолиятини ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар берилди. Бундан ташқари, келгусидаги самарали идоралараро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди. 

Манба: prokuratura.uz