Олий суддаги янгиликлар
Одил судлов қонун устуворлигини таъминламоқда
21.05.2018

Фарғона шаҳрида “Маъмурий суд ишларини юритиш соҳасидаги ислоҳотлар: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий суд судьялари ва масъул ходимлари, Фарғона, Андижон ва Наманган вилояти прокуратураси, адлия, солиқ бошқармалари, адвокатлар палатаси вакиллари, маъмурий судлар раислари, хорижий экспертлар қатнашди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари М. Астанов, Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Н. Резяпова мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

 

– Маъмурий судларнинг ташкил этилгани суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг самарасидир, – дейди Фарғона вилояти маъмурий суди раиси А. Эранов. – 2017 йил 1 июндан Фарғона вилояти маъмурий суди, туман ва шаҳар судлари ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Амалдаги қонунчиликка кўра, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судларга ўтказилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятдаги маъмурий судлар томонидан 202 оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар мазмунан кўриб чиқилиб, юздан зиёд жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

 

Жорий йилнинг 1 апрелидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси билан фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларига таъсир кўрсатидаган давлат органлари, ўзини ўзи бошқариш органларининг қонунга хилоф қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)дан суд орқали ҳимояланиш тартиби процессуал-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

 

Давра суҳбатида мазкур кодекснинг мазмун-моҳияти ҳамда суд иши юритуви соҳасида Ўзбекистон ва Германия тажрибаси хусусида атрофлича фикр алмашилди. Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судда ҳал қилиш тартиби, маъмурий суд ишларини юритишнинг асосий тамойиллари ҳақида таклифлар билдирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди