Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўзбекистон ва Вьетнам адлия органлари ҳамкорлиги истиқболлари
17.05.2018

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Н.Муҳаммадиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Вьетнам Социалистик Республикаси адлия органлари билан истиқболдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Ханой шаҳрига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Агентлик делегацияси Вьетнам адлия вазири ўринбосари Ван Ти Хан, Қонунчилик бюроси ҳамда Фуқаролик ҳолати ва фуқароликни қайд этиш агентлиги раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Н. Муҳаммадиев Вьетнам томонини Агентлик фаолиятининг асосий йўналишлари билан қисқача таништириб, вазирликнинг Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг замонавий босқичидаги асосий вазифа ва функциялари ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари республикамизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳалар, жумладан, ҳуқуқ ва давлат хизматлари кўрсатиш соҳаларида амалга амалга оширилаётган улкан ижобий ўзгариш ва ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.

Бундан ташқари Н. Муҳаммадиев Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида ғоят ишончли ва дўстона муносабатлар ўрнатилганини қайд этди.

Вьетнам адлия вазири ўринбосари ўз навбатида Ўзбекистон томонига истиқболдаги ҳамкорликка доир таклиф учун миннатдорлик билдириб, вазирлик фаолиятининг асосий функция ва йўналишлари ҳақида қисқача маълумот берди. 

Шу билан бирга алоҳида бўлинмалар раҳбарлари билан учрашувлар чоғида Ўзбекистон томони вазирликнинг (Вьетнам) қонунчилик ташаббуси, НҲҲ экспертизаси бўйича адлия органлари ваколатлари, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд этиш жараёни, адлия органлари томонидан фуқароликка қабул қилиш масалалари билан таништирилди.

Шунингдек томонлар адлия органлари ва муассасалари фаолиятини ташкил қилиш ва унинг механизмлари билан янада тўлиқроқ таништириш, конференция, семинар ва ишчи учрашувлар ўтказиш учун мутахассислар алмашинуви орқали икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш амалиёти бўйича маълумот алмашиш муҳимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, икки давлат адлия вазирликлари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш ва ушбу ҳужжат билан ҳамкорликнинг юқорида қайд этилган йўналишларини белгилаб олиш масаласида келишиб олинди.

Н. Муҳаммадиев бундай учрашувларни ташкил этиш самарадорлигини қайд этиб, келажакда идоралар ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида дўстона учрашувлар ўтказиш таклифини илгари сурди.

Учрашув якунида томонлар унинг натижаларидан қониқиш ҳосил қилгани ва истиқболда ҳамкорлик қилиш ниятида эканлигини билдирди.

minjust.uz