Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р. Давлетов Вашингтон шаҳрида Федерал суд маркази вакиллари билан учрашди
16.05.2018

2018 йилнинг 14 май куни Вашингтон шаҳри (АҚШ)даги  Федерал суд марказида ушбу идора директори Джереми Фогел ва марказнинг бошқа вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

 

Федерал суд маркази вакиллари Адлия вазирини мазкур марказнинг асосий фаолияти билан таништирди. Марказ Америка Қўшма Штатлари суд ҳокимиятининг илмий-маърифий агентлиги ҳисобланади ҳамда адолатли судлов ва суд органлари мустақиллигини таъминлашни қўллаб-қувватлайди.

 

Суд ҳокимиятида унинг алоҳида муассаса сифатидаги мақоми унга суд маъмуриятчилигини такомиллаштириш йўлларини танқидий ва пухта ўрганишни амалга ошириш ва ушбу фаолиятни рағбатлантириш имконини беради. Аниқ, холис маълумот тақдим этиш, сиёсат, амалиёт ва суд жараёнларини ўрганиш, уларни пухта ва очиқ таҳлил қилишни рағбатлантириш марказнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

 

Ўз навбатида Р. Давлетов мезбонларни  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий фаолияти ва сўнгги йилларда эришган ютуқлари билан таништирди. Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига киритилган янгиликлар, жумладан, Президентимизнинг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг  мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳокама қилинди. 

 

Томонлар, шунингдек бугунги кунда жамият олдида турган ҳуқуқий даъватлар юзасидан фикр алмашди.

 

Шу билан бирга, марказ директори Джереми Фогел икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг устувор йўналишларини белгилаб олишдан манфаатдорлигини билдирди. Томонлар юридик соҳадаги кадрларни тайёрлаш, суд-ҳуқуқ тартиботи соҳасида АҚШ тажрибасини ўрганиш  ва ҳуқуқий йўналишдаги бошқа масалаларни муҳокама қилди.

 

 

Р. Давлетов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатига доир барча соҳалар бўйича очиқ мулоқот ва ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

minjust.uz