Адлия вазирлигидаги янгиликлар
АҚШнинг Тинчлик институти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш йўлида
15.05.2018

Жорий йилнинг 14 май куни Вашингтон шаҳри (АҚШ)да Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р. Давлетовнинг АҚШнинг Тинчлик институти вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

АҚШнинг Тинчлик институти низоларни бартараф қилиш ва ҳал қилиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган фаолиятни амалга оширувчи мустақил миллий ташкилотдир.

 

Институтнинг фаолияти ўткир халқаро низоларни бартараф этиш ва тартибга солиш, низодан кейинги вазиятни барқарорлаштириш,  маблағларни кўпайтириш, шунингдек, бутун дунёда низоларни бартараф этишга қодир бошқарув ва интеллектуал солоҳиятни ривожлантиришга қаратилган.

 

Учрашув чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар билан бир қаторда Адлия вазирлиги фаолияти ҳам кенг ёритилди.

 

Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек вазирликнинг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги роли, кутилаётган ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

 

Мулоқот якунида томонларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди, билдирилган фикр ва таклифлар асосида истиқболдаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди. 

 

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими