Муҳтож хотин-қизларга арзон уй-жойлар бериш тартиби ҳамда кам таъминланган оилаларга берилаётган бошқа ижтимоий ёрдам
15.05.2018

Ҳукумат томонидан 12 апрелда “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Низомга мувофиқ

Республикамизнинг ҳар бир туманида ҳар йили муҳтож хотин-қизларга 6-10 та арзон уй-жойлар ажратилади.

Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар учун бериладиган уйларни молиялаштириш:

25 фоизи (бошланғич бадал) Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағи;

75 фоизи тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари.

Талабгорни кредит қоплашга имконияти бўлмаса:

олинган кредит маблағлари — у ишлаётган ташкилот, Касаба уюшмалари Федерацияси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобига қоплаб берилади.

Бу уйларни олиш учун туман ҳокимлиги ҳузурида тузилган махсус комиссияга ариза билан мурожаат қилиш лозим.

Ариза туман (шаҳар) комиссияси раисининг қарори билан тайинланадиган ваколатли шахс томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, қабул қилинган аризанинг нусхасига — қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда тилхат билан ариза берувчига топширилади.

Аризалар махсус журналда кетма-кетликда, улар олинишига қараб қайд этилади.
Аризани журналда дастлаб рўйхатдан ўтказмасдан кўриб чиқиш тақиқланади. Комиссия аризаларни уларнинг журналда қайд этилиши навбатлилигига кўра кўриб чиқиши шарт.

Комиссия томонидан Дастурда иштирок этиш учун ариза ва ҳужжатлар тақдим этилишининг охирги санаси тугаган кундан бошлаб 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш якунлари бўйича ижтимоий устуворлик мезонлари асосида танлов натижалари тўғрисидаги қарор қабул қилинади.

Комиссия томонидан аризани кўриб чиқишда уй-жойга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш қуйидаги ижтимоий мезонлар асосида амалга оширилади:

а) ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги ва турар-жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши;

б) бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши;

в) кўп болалилик (уч ва ундан ортиқ);

г) ариза берувчи оиласининг даромади;

д) ижтимоий хусусиятига кўра алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор аёллар (туман тиббиёт бирлашмасининг хулосаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида);

е) ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

ж) ариза берувчи уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв. метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги;

з) биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар;

и) ёлғиз ўзи ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган бола парваришлаётган аёллар (туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси маълумотномаси ва тиббиёт бирлашмаси хулосаси асосида);

к) кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган аёллар (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида).

Бунда ариза берувчиларнинг уй-жойга муҳтожлиги даражаси Комиссия томонидан қўйиладиган баллардан келиб чиқиб аниқланади ва ёзма тавсия биринчи навбатда энг юқори балл тўплаган ариза берувчиларга берилади.


Бундан ташқари, 2018 йил давлат дастурига асосан оғир маиший шароитларда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парвариш қилаётган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 2018 йилда 241,8 млрд. cўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.

Бу пуллар:

уй-жойи бўлмаган ёки авария ҳолатидаги ва жуда эски уйларда яшовчи республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳридаги ўрта ҳисобда 2-5 нафар оилага арзон уй-жойлар бериш;

ҳар бир тумани ва шаҳридан ўрта ҳисобда 70 тагача оилаларга ҳар йили маиший техника (газ ва электр печлар, холодильниклар, тикув машиналари ва ҳ. к.) ёки бир бошдан қорамол харид қилиш;

оғир касалликлар мавжуд бўлган тақдирда тиббий хизматлар ҳақини тўлаш ва уларнинг ҳақини тўлашга маблағ бўлмаган тақдирда ҳар бир туман (шаҳар)дан ўрта ҳисобда 6 тагача кам таъминланган оилаларга беғараз ёрдам кўрсатиш учун сарфланади.