Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Адвокатлар мустақиллигини таъминлаш ва ваколатларини кенгайтиришга қаратилган ҳужжат имзоланди
14.05.2018

2018 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

 

Ушбу Фармон адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ амалга оширишга қаратилган.

 

Фармонга кўра, 2018 йил 1 июлдан бошлаб адвокатга низоларни судгача ҳал қилиш бўйича чоралар кўриш, томонларни яраштириш, шунингдек ҳакамлик судьяси сифатида қатнашиш ҳуқуқи берилмоқда. Бундан ташқари, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати икки баробарга камайтирилади, камида уч йил давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида фаолият юритган шахслар мажбурий стажировкадан озод этилади.

 

Яна бир янгиликка мувофиқ, эндиликда юридик ёрдам танланган ҳар бир мутахассислик (жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва бошқалар) бўйича алоҳида лицензия асосида кўрсатилади, лицензиянинг амал қилишини тугатиш эса фақатгина суд томонидан амалга оширилади.

 

Адвокатлар ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио ва видео кузатув ускуналар бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг қатнашувисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, шунингдек адвокатлар суд биносига монеликсиз компьютер, мобил ва бошқа алоқа воситаларини олиб киришлари мумкин.

 

Адвокатларнинг сўровлари сўров қабул қилинган пайтдан бошлаб кўпи билан ўн беш кун муддатда бажарилиши шарт. Бундай сўровларни ижро этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун адвокат айбдор мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш масаласида тўғридан-тўғри судларга мурожаат қилиши мумкин.

 

Яна бир узоқ кутилган янгиликлардан бири, бу адвокатура тизимида иш стажига кўра, Адвокатлар палатаси раиси томонидан бериладиган адвокатларнинг малака даражаларини таъсис этилишидир. 

 

Адвокатлик мақомига эга бўлиш учун малака имтиҳони жараёнларининг шаффофлиги таъминлашнинг янги услублар жорий этилиши белгиланди, жумладан эндиликда малака имтиҳони жараёнини Интернет тармоғида реал вақт тарзида трансляция қилиб борилади.

 

Шунингдек, Адвокатлар палатасининг роли сезиларли даражада оширилди. Энди адвокатлик фаолияти ва суд иши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан мажбурий келишилиши лозим, Адвокатлар палатаси раисига эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисларида қонун лойиҳаларини муҳокамасида иштирок этиш ва ўз фикрларини билдириш ҳуқуқи берилди.


Манба: minjust.uz