2018 йил май сонида
Ички валюта бозори: лицензия бериш керакми?
11.05.2018

Мамлакатимизда ички валюта бозорини ривожлантириш, уни тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, валюта сиёсатини либераллаштириш борасида қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Ўзбекистон ­Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта ­сиёсатини ­либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этди.

 

Ушбу йўналишдаги ўзгаришлар ҳақида гап кетганда аввало барча банкларнинг юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар эҳтиёжларини қондириш мақсадида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш учун валюта биржаси савдоларида эркин иштирок этиши, мижозларнинг чет эл валютасини сотиб олиш бўйича амалдаги тартиб ҳамда техник регламентларга риоя этган ҳолда ўз валюта маблағларини ҳеч қандай чекловсиз тасарруф этиши таъминланди. Жисмоний шахслар тижорат банкларидан чет эл валютасини эркин харид қилишлари, уларни халқаро тўлов карталарига ўтказиб, хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, валюта сиёсатини ислоҳ қилишга Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири сифатида қаралмоқда. Ислоҳотлар самарадорлиги кўп жиҳатдан пул-кредит, солиқ-бюджет ва иқтисодий сиёсатнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг ўзаро изчил мувофиқлаштирилишига боғлиқ. Шу боис мазкур соҳадаги ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилаяпти. Жумладан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб тўлов карталаридаги валютани банкларда нақд валютага алмаштириб олишга рухсат берилди ва ушбу масалани янада соддалаштириш чоралари кўрилмоқда.

 

«Қора бозор» ҳамон бор

Ички валюта бозорини эркинлаштириш йўлида юқоридаги каби ўзгаришлар рўй берган бўлса-да, юртимизда валюта «қора бозор»и фаолият кўрсатаётгани ҳеч кимга сир эмас. Яъни, хорижий валюта олди-сотдиси билан ноқонуний равишда шуғулланиш ҳолатларига ҳам буткул чек қўйилгани йўқ.

Фикримизча, бунинг учта сабаби бор:

1. Ҳозирча банкларда чет эл валютасини нақд кўринишда сотиш амалиётининг йўқлиги.

Миллий валютамиз қадрсизланишда давом этар экан, юртдошларимизда ўз жамғармаларини сўмда сақлашга хоҳиш бўлмаслиги табиий ҳол. Чунки кимдир уй, кимдир машина олиш учун ишлаб топаётган пулини сўмда йиғадиган бўлса, сўмдаги нархлар ошавериши туфайли уларнинг уй ёки машина олиш ниятлари орзулигича қолиб кетиши мумкин. Шунинг­ учун ҳам аҳоли ўртасида ўз жамғармасини АҚШ долларида йиғиб борадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳозирча банкларда нақд пулга чет эл валюта­сини сотиш амалиётининг йўқлиги одамларни валюта­фурушларга мурожаат қилишга ундамоқда. 

2. Туманларда валюта айирбошлаш шохобчаларининг марказда жойлашгани.

Ҳа, ҳозирча бизда валюта айирбошлаш шохобчалари туман марказларидаги банкларда жойлашган.  Бошқа жойларда йўқ. Шу сабабли туман марказидан­ узоқда яшаётган аҳоли чет эл валютасини сўмга алмаштириш учун туман марказига эмас, балки ён-атрофдаги бозорларда ёки уйларида яширинча фаолият олиб бораётган валютафурушларга мурожаат қилишга мажбур бўлаяпти.

 

3. Банклардаги валюта алмаштириш баҳоси билан яширинча фаолият олиб бораётган валютафурушлар таклиф этаётган нархлар ўртасида тафовутнинг мавжудлиги.

Айнан мана шу сабабга кўра кўпчилик валютани банклар эмас, валютафурушлар орқали алмаштирмоқда.

Маълумки, банкларда валюта алиштириш жараёни бошланганда сотиб олиш нархи 8000 сўм қилиб белгиланди. Валютафурушлар эса ўша пайт­да сотиб олиш нархини 8100 сўм қилиб қўйдилар. Орадан бироз ўтиб, банкларда сотиб олиш нархи 8020 сўмга чиққанида валютафурушлар сотиб олиш нархини 8120–8150 сўмга кўтаришди ҳамда банк билан валютафурушлар ўртасидаги валюта сотиб олишдаги фарқ 100–120 сўмни атрофида эди. Бу фарқ 100 доллар пулни алмаштирганда 10–12 минг сўмни, 1000 доллар алмаштирганда эса 100–120 минг сўмни ташкил этди. Бундай шароитда айрим одамлар валюталарини қимматроқ сотиш учун валютафурушларга мурожаат қилиши табиий ҳол. Шундай экан, валютафурушларнинг бундан кейин ҳам шу тарзда фаолият олиб бориши эҳтимолдан холи эмас.

Валютафурушларнинг яширин тарзда ишларини давом эттираётганига кўпроқ юқорида баён этилган омиллар сабаб бўлмоқда.

Улар бир-бирига занжирдек боғланган. Шу боис  яқин келажакда банклар чет эл валютасини нақд пулга сотиш амалиётини жорий этса ҳам,  муаммога тўлиқ ечим бўлмаслиги валютафурушлар валютани банкдан­ бироз қиммат нархда олиб, банклар таклиф қилаётган­ нархлардан бироз арзонроқ сотишлари мумкин.

 

Муаммонинг ечими борми?

Ноқонуний валюта олди-сотдисини қандай йўқотса бўлади?

Кўпчилик бу борада турлича фикр билдирмоқда. Аксарият одамларнинг фикрича, валютафурушлар фаолиятини легаллаштириш орқали муаммони ҳал қилиш мумкин. Ўзим ҳам шу фикрга қўшиламан. Валютафурушлар фаолиятининг легаллаштирилишидан­ банклар ҳам, аҳоли ҳам, валютафурушлар ҳам ютади.­ Нега дейсизми?..

Банкларга нима фойда?

Агар валютафурушларга лицензия бериш ваколати­ банкларга берилса, тижорат банклари ўртасида лицен­зия сотиш борасида рақобат юзага келади. Банклар лицензия сотиш орқали пул ишлайди. Шу ўринда «банклар валютафурушларга лицензия берса, кейин ким уларга валютасини алмаштиришга олиб боради?»­ деган савол пайдо бўлиши табиий. Тўғри, валютафу­рушларга банклар томонидан лицензия бериш тартиби йўлга қўйилса, одамлар валюта алмаштириш учун банкларга камроқ боришлари мумкин. Лекин ҳозирги­ кунда ҳам аҳолининг қўлидаги бир қисм валютанинг­ валютафурушлар орқали айланётганини инобатга олсак, банклар ҳеч нарса йўқотмайди. Қолаверса, банклар ўзи лицензия берган валютафурушлар билан рақобат­да ишлайди ва натижада хизмат кўрсатиш сифати янада­ ошади. Агар банклар валютафурушларга лицензия бермай, валюта алмаштириш шохобчалари сонини кўпайтиришга ҳаракат қилса, шохобчаларни очишга, ходимларга, қўриқлаш хизматига пул тўлаши керак бўлади ва булар анча харажат талаб қилади.

Одамларга нима наф?

Агар валютафурушларнинг фаолияти легаллашса, одамлар ўзларига яқин бўлган жойдаги валюта алмаш­тириш шохобчалари орқали валюталарини хоҳлаган пайтида алмашти­риб олаверади ва бу аҳоли учун жуда қулай бўлади.

«Қора бозор» ўтмишга айланади

Агар валютафурушларга лицензия берилиб, уларнинг фаолияти легаллаштирилса, қонуний тарзда ишлаш имкониятига эга бўладилар ва «қора бозор» деган тушунча ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Қонуний асосда фаолият кўрсатилганда эса тегишли тартибда солиқ тўланади ва бундан давлат бюджети ҳам фойда­ кўради. Бу фикрни кўпчилик ёқламаслиги мумкин. Лекин худди шундай тартиб қатор хорижий мамлакат­ларда, жумладан, ён қўшниларимиз бўлган Қозоғистон­ ва Қирғизистонда ҳам йўлга қўйилган­. Яъни, жисмоний шахслар валюта олди-сотдиси билан­ шуғулланишлари учун лицензия олишлари мумкин. Демак, бу борадаги жаҳон тажрибаси мамлакатимиз­да жорий этилса, фойдадан холи бўлмас деб ўйлайман.

Ғайрат ЙЎЛДОШЕВ,

жамоатчи мухбир