2018 йил май сонида
Аёллар Қамоқхонаси тарбиялайди(ми?..)
11.05.2018

Жамиятимизда қамоқхона, маҳбуслар ҳаёти муҳокама этиладиган мавзулар сирасига кирмайди. Тўғри-да, жиноят қилибдими, жазосини олсин деймиз. Уларнинг яшаш, ишлаш шароити, туриш-турмуши бизга бегонадек гўё. Аммо маҳбуслар ҳам одам. Улар ҳам инсоний муомалага, эътиборга лойиқ. Ахир билиб-билмай жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаётганлар эртами-кечми, яна жамиятга қайтади. Уларнинг қандай шахс бўлиб ­озодликка чиқиши эса жазони ижро этиш муассасаларидаги муҳитга ­боғлиқ. Юртимиздаги қамоқхоналар балки Европадаги қамоқхоналардагидек «евро» бўлолмас, бироқ ­миллатимизнинг азалий ­қадриятларига таянсак, тарбиявий жиҳатдан устун бўлиши шарт!

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ­жойлашган аёллар қамоқхонаси. Четдан қараганда, бу ернинг қамоқхона эканини деворлар устидан тортилган тиканли симларгина эслатиб туради. Ушбу муассасада мамлакатимизнинг турли ­вилоятларидан келган маҳбус аёллар сақланади. Улар орасида қотилликка қўл урганлари ҳам, ўғирлик қилганлари ҳам бор. Маҳбуслар жиноят турининг оғирлигига қараб, барак типидаги ­алоҳида-алоҳида блокларда яшайди.

 Ташрифимиз тушлик вақтига тўғри келгани боис маҳкумлар саф тортиб ошхонага ­кетаётганининг гувоҳи бўлдик.

– Ҳар бир блокдагилар маълум бир кетма-кетликда овқатланишга чиқишади. Булар маҳкумларнинг ҳаммаси эмас, кўпчилиги ушбу муассаса яқинида жойлашган текстил фабрикасида ишлашади. Аёллар ўртасида жиноятчилик турларини таҳлил қилсак, гиёҳвандлик олди-сотдиси билан шуғулланиш 24, ўзгалар жонига қасд қилиш 13, ўғирлик 8, фирибгарлик 8 фоизни ташкил этади. Биринчи маротаба судланган маҳкумлар 50, бир неча бор судланган маҳкумлар эса қолган 50 фоизни ташкил этади, – дейди ИИВ Тошкент вилояти ЖИЭББга қарашли биринчи муассаса тарбиявий ишлар бўлими катта йўриқчиси Нигора Даминова.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасидан олинган маълумотларга қараганда, 2016 йилда 10530 та, 2017 йилда эса 9093 та жиноят аёллар томонидан содир этилган. Кўриб турганингиздек, кўрсаткич 14 фоизга камайган.

 

– Турли соҳаларда бўлгани каби, сўнгги йилларда жазони ижро этиш тизимида ҳам бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди, – дея сўзини давом эттиради Нигора Даминова. – Таҳлилларга кўра, олиб борилаётган тарбиявий тадбирлар туфайли муассасамизда тартиббузарлик содир этиш ҳолати ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 2,5 баробар камайди. Муассасада турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиб турилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Тошкент вилоят махсус прокуратураси, жиноят ишлари бўйича туман суди ҳамда ҳудудий ички ишлар бўлинмалари вакил­лари иштирокида қонунчилик тарғиботи юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилади. Тошкент вилояти хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва маҳалла қўмиталари маслаҳатчилари кўмагида ҳар бир маҳкумнинг ортида бир оила тургани, уларнинг жазони ижро этиб бўлганидан сўнг жамиятга қўшилиб, соғлом ҳаётга қайтиши кераклиги таъкидланиб, ўзларига бўлган ишончини оширишга ёрдам берилаяпти. Маҳкумлар билан олиб борилаётган суҳбатларда, тарбиявий тадбирлар жараёнида уларнинг аксарияти ўз ҳуқуқ ва бурчларини билмаслигига гувоҳ бўламиз. Ачинарлиси, уларнинг аксарияти бирор-бир касб ёки маълумотга эга бўлмагани сабабли жиноятга қўл уради. Меъёрий ҳужжатларга асосан муассасада мактаб филиали ташкил этилган. Бу ерда дарслар рус ва ўзбек гуруҳларига ажратилган ҳолда олиб борилади. Битирувчиларга ўрта маълумотга эга бўлгани ҳақида шаҳодатнома берилади. Шунингдек, муассасага қарашли «Шарқ гавҳари» корхонасида юздан ортиқ хотин-қизларга малакали мутахассислар ёрдамида тикиш-бичиш, тўқувчилик сирлари ўргатилаяпти. 

Афсуски, жиноятчилар орасида жамиятда ўз мавқеига эга бўлган, олий маълумотли аёллар ҳам учрайди. Шахсиятига, содир этган жинояти омиллари, оқибати, жамиятга етказган моддий-маънавий зиёнига қараб, улар билан алоҳида тарбиявий ишлар олиб борилади.

Муассасада хотин-қизлар ўзининг шу жамиятнинг аъзоси эканини ҳис этиши учун эл ардоғидаги санъаткорлар, таниқли ёзувчи ва шоирлар ҳамда театр жамоалари билан турли адабий кечалар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиб турилади.

 

Жазони ижро этиш муассасисида сақланаётган аёлларга имкон қадар шарт-шароитлар яратишга ҳаракат қилинади. Бу ерда ёш болали, ҳомиладор аёллар ҳам бор. Ана шундай аёллар учун алоҳида шароит яратилган. Муассасада махсус болалар уйи ташкил этилган. У замон талабларига тўлиқ жавоб беради ҳамда барча шарт-шароитлар яратилган. Оналар фарзандлари 3 ёшга тўлгунга қадар улар билан ёнма-ён бўлади ва фарзандининг тарбияси билан шуғулланади.

 

Муассасада мўъжаз кутубхона, мажлислар зали, шифохона ҳам бор. Қатъий тартиб-интизомни айтмаса, бир қарашда қамоқхона дейишга тил бормайди. Аммо бу ерда бир нарса – ёру дўстлар, оила меҳри йўқ. Суҳбатдош маҳкумларнинг сўзлари бир-биридан оғир, афсус-надоматга тўла.

 

— Мен, маҳкум Авезова Моҳигул Ҳикматовна, 1993 йилда Бухоро вилоятининг Пешку туманида туғилганман. ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми билан 13 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиниб, жазо муддатини ўтаяпман. Оилалиман, бир нафар вояга етмаган фарзандим бор. Қайнонамни ўлдирганман. Ҳозир ҳам ўзимни ҳеч тушунолмаяпман, лекин жиноят қилишга мажбур бўлдим. Эримнинг уйидан совчилар келганида ота-онам норози бўлди. «Ҳаётинг куйиб кетади, яхши оила эмас, биз сенга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмаймиз, у одамларнинг қандайлигини яхши биламиз» – дейишди. Ҳатто касал онамнинг ялиниб-ёлворишига ҳам қарамадим. Мен бировга ўчакишиб, шу йўлни танладим. Ҳаётим яхши бўлмаслигини билардим. Аммо эрим кейинчалик ўз йўлини топиб, оиласига меҳр қўяр деб ўйладим. Эримнинг уйида ҳеч қачон тинчлик йўқ, доим уруш-жанжал бўларди. Ўзаро меҳр-оқибат, баҳамжиҳатлик йўқ эди. Ота-она фарзандига тўғри йўл кўрсатиш ўрнига уларни бир-бирига гиж-гижларди. Ғурбатхона эди. Ортга қайтай десам, ортга йўл йўқ. Аразлаб борсам, ота-онам мени остонадан уйга киритмайди. Ҳатто отам ўша йигитга текканим учун тўйимда оқ фотиҳа ҳам бермаган эди.

Боши берк кўчага кириб қолдим. Кимдан маслаҳат сўрашни билмадим. Ота-онамнинг гапини олмай хато қилдим. Ҳамма нарсадан тўйиб кетган эдим, жиноят рўй берди. Бир инсоннинг умрига зомин бўлдим. Нақадар пушаймонлигимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Кўриб-билиб туриб ўз ҳаётимни барбод қилдим. Жазони ўташ чоғида шуни тушуниб етдимки, оила бошлиғи, аввало, ота-она экан. Улар бир-бирига меҳрибон бўлса, фарзандларни бирдам, аҳил қилиб тарбияласа, ҳеч қачон фожиа рўй бермайди. Оилада муҳит соғлом бўлса, фарзандлар ҳам соғлом бўлади. Мен ҳаммадан, ота-онамдан, опа-акаларимдан кечирим сўрайман.

Оила қурмаган ёш қизларга ҳеч қачон ота-она раъйига қарши борманг дейман. Севги-муҳаббат – ўткинчи. Ҳеч ким мендек азобда қолишини истамайман. Бировга ўчакишиб иш қилманг. Нимаики бўлишидан қатъи назар, дунёга келтирган, тарбиялаб вояга етказган ота-онанинг чизган чизиғидан чиқманг. Дунёда ота-онадан бўлак ҳеч ким сизга дўст бўлолмайди.

Жазо муддатини ўташ чоғида уйимдагилар мендан воз кечди деб ўйлаган эдим. Бу ерга келганимдан кейин орқамдан ҳеч ким келмади. Бироқ отам мендан кечмади. Болам деб ёнимга келди. Ҳар гал отам келганида унинг кўз ёшини кўриб юрак-бағрим эзилади. Гоҳида қани энди отам келмаса, унинг мунгли қиёфасини кўрмасам деб ўйлайман. Ҳар қанча азоблансам-да, унинг кўз ёшини кўришга тоқатим йўқ. Отам мен туфайли юрак касал бўлди. Мен отамнинг пойига тиз чўкиб, қобил фарзанд бўлмаганим, унинг обрўйини тўкканим учун ёлвориб кечирим сўрайман.

 

— Мен, маҳкум Давронова Ёқутхон Ҳусанбой қизи, 1998 йилда Фарғона вилоятида туғилганман. ЖКнинг 169-моддасига биноан 5 йил озодликдан маҳрум қилинганман. Ота-онам билан жанжаллашиб қолиб, дугонамникига кетиб қолдим. Онам қанча чақирса ҳам уйга қайтмадим. Дугонам билан нотўғри йўлга кириб кетдим. У билан  ўғирликка бордим. Бир куни у битта уйга кирамиз, айланиб чиқамиз, барибир биргамиз-ку, уйингга бормаяпсан-ку деди. Бордим. Коттеж экан. Кирдик. Дугонам хоналарни айланиб бир хонадан кичик идишда кўп тилла тақинчоқларни олиб чиқди. Унинг ярмини олдик ва уйдан чиқиб кетдик. «Тилла сотадиган қўшни аёл бор, шунга сотиб чиқ, мен кирсам  таниб қолади», — деди. Тиллани сотдим. Аёл қўлимга 700 минг сўм берди. Пулларни дугонамга бердим. Шу билан бир-икки кун гаплашиб юрдик ва у Россияга кетиб қолди. Шундан сўнг отам келиб мени уйга олиб кетди. Уйга борганимдан сўнг ота-онамга бўлган воқеалар ҳақида айтмадим.

Онам билан тортишиб қолган эдим. Унинг гапига кирмадим. Оқибатда  шундай ёмон йўлга кириб, бу ерга келиб қолдим. Қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман. Озодликка чиқсам, ҳеч қачон ёмон йўлга кирмайман, қайтиб бировнинг гапига ишонмайман. Бир нафар вояга етмаган фарзандим бор. Қайнонам билан келишмовчилик бўлиб, ажрашганман. Коллежда ўқиб, тикувчиликни ўрганаётган эдим. Охирига етказолмадим.

Ўзимдан ўтганини фақат ўзим биламан. Ота-онамдан сўрасам ҳам пул берарди. Кўзим кўр бўлиб, ўртоғимга ишониб қолдим. Онам мен туфайли касал бўлиб қолди. Отамнинг эл-юрт олдида боши эгилиб кўчага чиқолмай қолди. Афсусдаман. Энди ота-онамнинг гапини икки қилмайман. Уларнинг юзи ёруғ бўлиши учун ҳаракат қиламан.

 

— Мен, маҳкум Куликова Муштарий Салоҳиддиновна, 1991 йил Фарғона шаҳрида туғилганман. Вояга етмаган укам ва бир нафар ёш фарзандим бор. 2011 йил турмушга чиққанман. Онам оғир касал бўлганида қарагани келдим. Бу турмуш ўртоғимга ёқмади. Мен онамни танладим ва у билан ажрашдим. Онам раҳматли мен Дубайга кетаётганимда оғир касал бўлиб, иккинчи гуруҳ ногирони эди. Ўрта мактабни тамомлаганман. Ҳеч қандай касбим йўқ. Аввалига бир кичик фирмада ишладим. Маоши кам, ҳеч нарсага етмас эди. Бир танишим Дубайга ишга таклиф қилди. Онамни даволатиш ва уй сотиб олиш учун керакли маблағ топишимни айтиб қизиқтирди. Оилавий шароитим оғир бўлгани сабабли шу ишга қўл урдим. Борганимдан сўнг фоҳишалик қилиш учун сотиб юборганини айтди. У ерда кўп қийинчиликларни кўрдим. Мени ўлдиртириб юбориш учун Қирғизистонга юборишди. Қачон уйимга қўнғироқ қилсам, Россияда ишлаяпман дер эдим. Онам билиб қолса кўтаролмайди деб қўрқардим. ­Қирғизистондан яна бошқа одамга Дубайга сотиб юборишди. У ердан охири консулликка учраб, шу орқали Ўзбекистонга келганман. Дубайда эканимда бир куни Ўзбекистондан икки нафар таниш қиз қўнғироқ қилди. Бизга ҳам иш топиб беринг деди. Мен уларга ҳаммасини тушунтиргандим, лекин улар гапимга ишонмай, борамиз дейишди. Уларга бир рақам бердим. Боришди, ҳаммасига гувоҳ бўлишди. Охир-оқибат мен одам савдосида айбланиб, жиноятчига айландим. Ўзбекистонга келганимда онам оламдан ўтган экан. Қилган ишларимдан жуда пушаймонман. Ҳомиладор эканман. Ҳозир туғилган фарзандим ўзим билан бирга жазо ўтаяпти. Аёллардан ўтиниб сўрайман, ҳеч қачон жиноят қилишмасин. Якунида ўзига жабр бўлади. Кимки бу жирканч йўлни танламоқчи бўлса, ўтинаман, бу йўлдан қайтинглар, оқибати ёмон бўлади. Онамни даволатиш учун пул топишга кетдим. Лекин онамдан ҳам, озодликдан ҳам айрилиб қолдим. Бу мен учун икки карра йўқотиш бўлди. Ҳеч нарсасиз қолдим. Касал бўлса-да, онамнинг борлиги, укам ва фарзандимнинг ёнимда бўлиши ва қаттиқ нон еб кун ­кечириш энг катта бойлигим, бахтим экан. Буни жуда кеч тушундим.

— Аёлларнинг жиноят содир этаётгани, аёлга жиноятчи деган тамға босилаётгани бизни жуда ташвишлантиради, – дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Дилором Қўзиева. – Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қўмитамиз томонидан салмоқли ишлар амалга оширилаяпти. Ҳозирги кунда 3 тоифадаги аёллар рўйхати шакллантирилди. Жиноят содир этган, жиноятга мойил, яъни уйида нотинчлик бўлган, шунингдек, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар тоифаси рўйхатга олинди. Ана шундай аёлларга 29 минг нафар фаол аёл мураббий сифатида бириктирилди. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида жиноятга мойиллиги бор 6 мингдан ортиқ аёллар рўйхати шакллантирилиб, уларга ёрдам бериш чоралари кўрилаяпти.

 

Ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган ­асосий сабаблардан бири ишсизликдир. Хотин-­қизларнинг бандлигини таъминлаш масаласида 9936 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёлни билим ва кўникмаларидан келиб чиқиб ишга жойлаш масаласи кўрилаяпти. Бу борадаги дастур 2018 йил бошида тузилган бўлиб, бугунга келиб уларнинг 725 нафари ишга жойлаштирилди. Улар билан ­яккама-якка ёндашган ҳолда иш олиб борилаяпти. Бандлик ва меҳнат муносабатлари ­вазирлиги билан бирга бу йўналишдаги ишлар ­келгусида ҳам давом этади.

 

2018 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда қуйидаги вазифалар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида белгилаб берилди:

биринчидан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш;

иккинчидан, хотин-қизларнинг муаммоларини

ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган ­аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш,

уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

учинчидан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;

тўртинчидан, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш.

Шунингдек, фармонга кўра, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилалардаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш борасидаги мутахассис лавозими жорий этилди.

Таҳлилларга кўра, аёллар ўртасидаги энг кўп жиноятлар ўғирлик, фирибгарлик, чегара қоидаларини бузишдир. Бу жиноятлар аёллар ўз ҳуқуқини билмагани туфайли содир этилаяпти. Бугунги кунда махсус рўйхатдан чиқарилган аёллар билан иш олиб бораяпмиз. Уларнинг 17 нафарига кредит олишда ёрдам бердик. 56 нафари иш билан таъминланди. Одам ­сав-досидан жабрланган аёллар ҳам алоҳида ­назоратга олинган бўлиб, уларни келгусида иш билан таъминлаш борасида иш берувчилар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Янги фармонга мувофиқ хотин-қизлар қўмитаси қошида жамоат фонди тузилмасини ташкил этиш назарда тутилган. Ушбу фонд айнан хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ажратиш ёки тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, турли учрашув, семинар, давра суҳбатлари ташкил этиш каби мақсадларга хизмат қилади.

Яқинда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Олий суд ҳамкорлигида меморандум лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур меморандумга биноан билиб-билмай жиноят содир этган аёлларга қўмита томонидан кафиллик хатлари берилиши, аёлларнинг кафилликка олиниши назарда тутилган. Масалан, Фарғона вилоятида ўз эрини ўлдирган аёл хотин-қизлар қўмитаси томонидан кафилликка олинди. Чунки бу аёлнинг турмуш ўртоғи ичкиликка берилган бўлиб, бир неча йиллар давомида уни мунтазам равишда уриб, ҳақоратлаб келган. Доимий юз бериб келган бу ҳолат, табиийки, аёлни жиноятга ундаган. Бундан ташқари, айнан жиноят юз берган куни ўша эркак 11 ёшли неварасига тажовуз қилган. Уни қўрқитиб, ўз мақсадига эришмоқчи бўлганида, аёл чидай олмай, уни ўлдирган. Албатта, бу жуда хунук ҳолат, лекин ўша аёлни биз кафилликка олиб тўғри йўлга қайтардик. Аёлни суддан олиб чиқдик. Ўзим ҳам икки марта бориб хабар олганимда, унинг ҳам ҳаётдан орзу-умидлари борлигининг гувоҳи бўлдим. Биз унга ҳам мураббий бириктирганмиз. Ҳозиргача ўзини фақат яхши томондан кўрсатаяпти. Демак, бундан кўриниб турибдики, агар жиноят содир этилган бўлса, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши уларнинг тўғри йўлга қайтишига асос бўлади.

Жиноятчиликни юзага келтирадиган сабаблардан яна бири оилавий ажримлардир. Афсуски, 2017 йилда ажримлар кўрсаткичи юқори бўлди. Бу борада ҳам жойларда Қайноналар кенгаши тузилиб, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни тўғри йўлга қайтариш борасида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Шунингдек, куни кеча Олий суд билан биргаликда қўшма қарор имзоланди. Бу қарор асосида энди ажримга ариза берган аёлнинг оиласи тубдан ўрганилади.

Шу жараёнда оиланинг ажралиши учун юзага келган вазият, у ердаги муҳит, фарзандлар улғаяётган шароитлар таҳлил этилади. Шундан сўнг хотин-қизлар қўмитасининг кўрсатмасига асосан оила ажратилади.

Жиноят ўз номи билан жиноят. Жиноятчига эса жазо муқаррар. Баъзан аёлларнинг такрор жиноятга қўл ургани ва яна жазога маҳкум этилган ҳолатлар ҳам учраб туради. Гарчи муассасада маҳкумлар, оналар ва болалар учун барча шароитлар яратилган  бўлса-да, бу аёлнинг яна жиноят содир этишига ва оиласидан узоқда панжара ортига ўтиришига асос бўлолмайди. Шундай экан, ҳар бир аёл қадамини ўйлаб босиши, оқилона фикр юритиши, жамиятдаги одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, оиласи даврасида бўлиши, энг асосийси, фарзанд тарбияси билан шуғулланиши зарур. Ахир инсон учун озодликдан ортиқ бахт йўқ.

Жаҳонгир НАҲАНОВ