2018 йил август сонида
Жаҳон савдо ташкилоти Ўзбекистон унга аъзо бўлиши керакми?
11.05.2018

Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти механизмларини янада кенгроқ жорий этиш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва хорижий сармоядорлар учун юртимизнинг ­жозибадорлигини ошириш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, икки ва кўп томонлама халқаро шартномавий-ҳуқуқий базани ривожлантириш, миллий қонунчиликнинг ташқи савдо режимини янада такомиллаштириш, халқаро нормалар ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари билан изчил мувофиқлаштириш муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.

 

Ўзбекистон Республикаси учун кўп томонлама ҳамкорлик доирасида халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш давлатимиз ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

«2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг учинчи бўлими «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари»га бағишланган бўлиб, у мамлакатимизнинг халқаро обрўсини ошириш, хорижий сармоядорлар учун юртимизнинг жозибадорлигини янада оширишга йўналтирилган аниқ тадбирларни ўз ичига олади. Шу билан бирга, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили давлат дастурига мувофиқ ЖСТга аъзо бўлиш борасидаги ишларни ­жадаллаштиришга қаратилган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш лозим.

Миллий  қонунчилигимизни  ЖСТ нормаларига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, ушбу ташкилотга аъзо бўлиш масалалари билан шуғулланадиган ва мамлакатда кенг кўламли  ўзгаришлар, ислоҳотларни амалга оширадиган идоралараро ишчи гуруҳнинг янги таркибини тасдиқлаш бу борада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим тадбирлардан ҳисобланади. Бундай тадбирлар мамлакатимизнинг мазкур ташкилотга аъзолик таъсирини баҳолаш ва институционал ислоҳотларни ўтказиш бўйича таклифларни тайёрлашни ҳам назарда тутади.

 

Маълумки, ЖСТ (аввалги «Тарифлар ва савдо­ бўйича бош келишувлар»  GATT) 1995 йил 1 январдан ўз ­фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда 164 мамлакат мазкур ташкилотнинг аъзоси бўлиб, МДҲ мамлакатларидан Россия, Қозоғистон, ­Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатлари ҳам улар қаторида.

 

Ўзбекистон 1994 йил декабрь ойида халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли аъзоси сифатида GATTга аъзо бўлиш ниятида баёнот берганди. Бугунги кунгача республикамизнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг учта йиғилиши ўтказилган. Ҳозирги кунда тўртинчи йиғилишни ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда ҳамда қишлоқ хўжалиги бўйича кўп томонлама музокараларнинг иккинчи ­йиғилиши ва ишчи гуруҳнинг иштирокчи мамлакатлар билан икки томонлама ­музокаралари ўтказилаяпти. Шу ўринда ­таъкидлаш керакки, жаҳондаги иқтисоди тараққий этган давлатлардан бири бўлган Хитой Халқ Республикаси ҳам ЖСТга аъзо бўлиш учун 16 йил давомида тайёргарлик кўрган.

Жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Ўзбекистон

Жаҳон савдо ташкилоти сафида бўлиши лозим ва мазкур ташкилотга аъзо бўлиш орқали республикамиз қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

Низоларни тартибга солишнинг самарали тизимига эга бўлади. Агар аъзо давлатлардан бири ташкилот қоидаларини Ўзбекистон манфаатига зарар етказадиган тарзда бузган бўлса, мамлакатимиз ЖСТнинг низоларни ҳал этиш бўйича масъул органида муаммони ҳал қилишнинг адолатли ва самарали тартибидан фойдаланади.

Кўп томонлама савдо тизимига катта таъсир ўтказиш. Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари билан алоҳида икки томонлама музокараларидан фарқли ўлароқ, бошқа савдо қўмиталари ва ЖСТнинг субқўмиталарида эришиш мумкин бўлган қобилияти орқали ЖСТ мамлакатимизда кўп томонлама савдо тизимининг ишлашига катта таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳукумат бюрократиясини қисқартириш. Ташқи савдо операциялари бўйича кўплаб чеклашлар бекор қилинади ҳамда мавжуд савдо тизими соддалаштирилади. Бу эса талаб қилинадиган ҳужжатлар ва давлат хизматчилари сонининг сезиларли камайишига олиб келади. Ҳукумат ушбу вазифалар учун фойдаланилган ресурсларни бошқа устувор йўналишларга қайта тақсимлаш имкониятига эга бўлади ва, ўз навбатида, давлат бюджетидан янада самарали фойдаланиш имконияти яратилади.

Давлат бюджетидаги даромаднинг кўпайиши.  ЖСТга аъзо бўлиш мамлакатимиз даромадининг сезиларли даражада ортиши учун катта имконият яратади. Шу билан бирга, божхона тўловлари (савдо ҳажмини ошириш) ва солиқ (бизнес-фаолиятни ошириш)ни­ ҳисобга олган ҳолда бюджет даромадларини кўпайтиради. Хорижий инвесторларнинг юртимизга сармоя киритишга бўлган  қизиқиши янада ортади.

Мамлакатимизнинг ЖСТга қўшилиши кўплаб қонунларни қайта кўриб чиқиш, қўшимчалар киритиш ёки янги қонунлар яратиш, хорижий давлатлар билан тузилган икки ва кўп томонлама ҳукуматлараро шартнома ҳамда битим (келишув)ларга ўзгартишлар киритишни талаб этади. Бундай ўзгартиш ва қўшимчаларнинг бир қисми ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларнинг мазмун-моҳиятидан қатъи назар, қабул қилиниши шарт. Бу аъзо мамлакатларнинг товарларини импорт қилиш учун миллий режимни таъминлаш, ҳимоя чоралари бир хиллиги ёки Ўзбекистон бозорига кириш учун мавжуд чеклашларни бартараф этиш каби шартсиз мажбуриятлардан иборат.

Қисқа қилиб айтганда, миллий қонунчилигимизни ислоҳ қилиш ҳамда ЖСТ меъёрлари ва қоидаларига мувофиқлаштириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилиши лозим. Жумладан, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича олдимизда муҳим ишлар турибди. Бу вазифалар муваффақиятли ҳал этилса, мамлакатимизда ЖСТ аъзолигига киришнинг асосий шартлардан бири бўлган халқаро стандартлар билан таққосланадиган кенг миқёсли ва тизимлаштирилган замонавий қонунлар мажмуи яратилади. Шунингдек, импорт божларини камайтириш, солиқ, божларни тартибга солиш, интеллектуал мулкка оид айрим масалаларни ҳал қилиш, давлат харидлари, монополияга қарши фаолиятни амалга ошириш каби вазифаларни ижобий ҳал этиш ҳам кун тартибидан жой олган.

Шуни ёдда тутиш лозимки, ЖСТ музокараларида иштирок этаётган ҳар бир мамлакат, биринчи навбатда, ўз манфаатини таъминлашга ҳаракат қилади. Ташкилотга аъзо кўплаб ривожланган давлатлар маҳаллий қўллаб-қувватлаш ва экспортни субсидиялаш, қишлоқ хўжалигидаги тарифлар каби параметрлар бўйича ўзлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб, бошқа мамлакатлардан уларни минимал даражага туширишни ёки тўлиқ бартараф этишни талаб этади. Мисол учун, қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Ушбу сектордаги манфаатларни ҳисобга олмасдан ЖСТга аъзо бўлиш миллий ишлаб чиқарувчиларимизга жиддий зарар етказиши мумкин. Хусусан, қишлоқ хўжалигида юртимизда шакллантирилган ички ёрдам ва экспорт субсидияларига чеклашлар мазкур ­тармоққа салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

 

ЖСТга аъзо бўлиш ва бунинг оқибатида хорижий ишлаб чиқарувчилар билан юзага келадиган кучли рақобат ҳамда бож тўловларининг пасайтирилиши туфайли муҳандислик маҳсулотларини тайёрлашга ихтисослашган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар потенциал йўқотишлар билан тўқнашишлари мумкин. Шу сабабли, машинасозлик номен­клатурасини кенгайтириш, сифат кўрсаткичларини такомиллаштириш, арзон импорт товарлари кириб келиши  кенгайиб кетишининг олдини олиш борасида ҳам бош қотириш лозим бўлади.

 

Ўзбекистонни аъзоликка қабул қилиш бўйича ўтказиладиган музокараларда ташкилотга аъзо давлатлар фуқаролик авиатехникаси, давлат таъминоти ва савдо тўғрисидаги битимларга киришни мамлакатимиздан талаб қилиши мумкин. Хусусан, давлат харидлари бўйича битимга ­қўшилиш юртимизда ўтказиладиган тендерларда хорижий компаниялар иштирокига ҳам кенг йўл очади. Бу эса миллий ишлаб чиқарувчилар ­фаолиятига акс таъсир этмасдан қолмайди.

ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ўтказиладиган асосий музокаралардан яна бири хорижий провайдерлар учун Ўзбекистон бозорига йўл очишдир. Бундан кўзланган мақсад хорижий хизматлар ва хизмат кўрсатувчи провайдерларнинг мамлакатимиз бозорига кириш шартларини уйғунлаштириш, шунингдек, мазкур соҳани эркинлаштириш бўйича давлатимиз томонидан аниқ мажбуриятларни қабул қилишдан иборатдир.

Телекоммуникация хизматлари бозорида барча учун тенг шароитлар, жиддий рақобат пайдо бўлиши ушбу йўналишда миллий ишбилармонлик ­даражасининг пасайиши, улар йирик халқаро компаниялар томонидан синдирилиши мумкин ва бундай салбий ҳолатлар туфайли ­миллий иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа мураккаб аҳволга тушиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи савдо режимини янада либераллаштириш, уни халқаро меъёрларга ҳамда ЖСТ қоидаларига мослаштириш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, янги таҳрирдаги Божхона ва Солиқ кодекслари, «Техник тартибга солиш тўғрисида»ги, «Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида»ги, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Бу каби чора-тадбирлар натижасида ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари кенгайди, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш борасида соддалаштирилган тартиб жорий этилди, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан  қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мамлакатимиз Жаҳон савдо ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланиши учун залворли ва мураккаб вазифаларни ҳал этиши лозим. Албатта, бунинг учун муайян вақт ва изчил саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Олдимизда турган бу каби вазифаларнинг муваффақиятли ҳал этилиши мамлакатимизнинг нафақат нуфузли халқаро ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланишига, балки жаҳон ҳамжамияти олдидаги обрў-эътибори ошишига ҳам хизмат қилади.

Асқар МИРСАИДОВ,

Ташқи савдо вазирлиги

юридик бошқармаси бошлиғи