2018 йил август сонида
Судларда сансалорлик бўлмаслиги керак!
11.05.2018

Турли бюрократик ҳолатлар, оворагарчилик, сансалорлик ва қоғозбозликлар жамиятда одил судловга, қонун ҳамда адолат устуворлигига бўлган ишончга путур етказади. Бундай ҳолатлар давлатимиз раҳбари томонидан бир неча бор танқид қилинди. Судлар фаолиятида очиқликни, шаффофликни таъминлаш, мурожаатларни кўриб чиқишда юзакилик ҳамда бефарқ муносабатларга узил-кесил чек қўйиш, одил судловни қарор топтириш юзасидан муҳим топшириқ ва тавсиялар берилди.

 

Биринчи галда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан зудлик билан зарур чораларни қўллаш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ­мурожаатларини кўриб чиқишни соддалаштириш, ­фуқаролик институтлари, аҳоли билан ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини кенг қўллаш, умуман, бюрократиянинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш суд органлари олдига долзарб вазифа қилиб қўйилди.

Улар ижросини таъминлаш мақсадида хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда, ҳозирги пайтда судлар фаолиятига замонавий ахборот-­коммуникация технологиялари фаол тарзда жорий­ этилмоқда. Бунда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш­ чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлмоқда.

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, 2017 — 2020 йилларга мўлжалланган ва аниқ чора-тадбирларни қамраб олган дастур амалиётга изчил йўналтирилмоқда. Хусусан, ўтган қисқа вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дас­турининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ­билан бирга «Ўзбекис­тонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида «E-sud» миллий электрон судлов ахборот тизими яратилди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига татбиқ ­этилаяпти.

«E-sud» миллий электрон судлов ахборот тизими орқали жисмоний ва юридик шахсларга суд идорасига бормасдан, интернет орқали масофадан туриб ўз мурожаатларини, яъни даъво аризалари, аризалар, илтимосномалар ҳамда уларга илова этиладиган ҳужжатларни электрон тарзда жўнатиш, судларда эса ҳужжатларни электрон тарзда қабул қилиб олиш имконияти юзага келди. Бу ҳолат тарафларнинг оворагарчиликларига, ортиқча қоғозбозлик ҳамда сарф-харажатларига чек қўяди. Шунингдек, мурожаат этган шахс, унинг аризаси бўйича кўрилаётган ишда тараф сифатида қатнашаётган жавобгарлар ва уларнинг вакиллари, прокурорлар, адвокатлар ҳамда бошқа шахслар процессуал жараёнларни, яъни ишнинг кўриш учун тайинланганлиги, қолдирилганлиги, тўхтатилганлиги ёки кўриш натижаси ҳақидаги маълумотлардан интернетдаги шахсий кабинети орқали хабардор бўлиб боради.

 

Судларга келиб тушаётган мурожаатларни, ­турли хат-хабарларни, ариза ва шикоятларни рўйхатга олиш, уларни судьялар ҳамда суд ходимларига тақсимлаш, тайёрланган жавоб хатларини, чақирув қоғозларини, суд ҳужжатларини тарафларга, тегишли давлат органларига ва ташкилотларга жўнатиш ишлари автоматлаштирилди.

 

Судга юбориладиган даъво аризалари, аризалар, шикоятлар, илтимосномалар ҳамда бошқа турдаги мурожаатлар, қолаверса, суд томонидан чиқариладиган қарорлар, ажримлар, ҳал қилув қарорлари ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий нусхалари элек­трон тизимга жойлаштирилди. Бу эса тарафларга, судьялар ҳамда суд ходимларига шундай ҳужжатларни қонун талабларига мос тарзда, кам вақт сарф­лаган ҳолда, бир хилда ва сифатли шакллантиришга ёрдам беради. Тизимга киритилган «Давлат божи калькулятори» хизмати эса судга мурожаат этишда олдиндан тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдорини кўрсатади.

Айни дамда «E-sud» миллий элек­трон судлов ахборот тизими республикамиздаги барча фуқаролик ишлари бўйича туманлараро ва туман ­(шаҳар) судида амал қилмоқда. Аҳамиятлиси, ­биргина 2017 йилда 550 минг­дан ортиқ ариза ҳамда даъво аризалари электрон шаклда қабул қилиниб, кўриб чиқилди.

Олий суднинг расмий веб-сайтида «E-sud» элек­трон судлов ахборот тизимидан фойдаланишдан таш­қари, фуқаролар учун яна бир қатор интерактив хизматлар йўлга қўйилди. Жумладан, www.oliysud.uz веб-сайтига электрон кутубхона, судларнинг интерактив харитаси, суд ҳужжатлари намуналарини юклаб олиш каби қатор хизмат турлари киритилган. Ушбу сайт орқали фойдаланувчилар суд фаолиятига оид қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатлари, пленум қарорлари, йўриқномалар, кўплаб ўқув материаллари ва адабиётлар билан танишишлари, лозим бўлганида, улардан нусха олишлари мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти номига ариза, шикоят ҳамда бошқа турдаги муро­жаатларни юбориш ва уларга тегишли жавобларни олиш имконига эга бўладилар.

Веб-сайтга ҳар ойда ўртача 3,5 мингдан ортиқ фойдаланувчилар кираяпти. Улар орасида хорижий давлат фуқаролари ҳам борлиги эътиборга молик.

Шу ўринда судлар фаолиятида очиқликни таъминлаш мақсадида қилинган яна бир амалий ишни келтирсак. Гап шундаки, фуқароларга, тадбиркорлик субъектлари, адвокатлар ҳамда турли ташкилотлар вакилларига судга мурожаат қилиш тартиби, давлат божи ва суд харажатларини қаерга ҳамда қанча миқдорда тўлаши кераклиги, судларнинг манзиллари, телефонлари, банк реквизитлари, кўриб чиқилаётган фуқаролик ишлари рўйхати, иш кўриладиган зал рақами, ишни кўраёт­ган судьянинг исм-фамилияси каби зарур маълумотлардан хабардор бўлиб туришлари учун инфокиосклар ташкил этилди. Ҳозирги пайтда бундай инфокиосклар Олий суд ҳамда айрим туманлараро судларнинг қабулхоналарига, кутиш залларига ўрнатилган.

Келинг, шу ўринда судлар фаолиятига замонавий АКТ, жумладан, «E-sud» тизими жорий этилиши билан соҳага доир амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга тўхталиб ўтсак.

Соҳага доир ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг янги таҳририда ўз ифодасини топди. Унга кўра, фуқаролик ишлари бўйича судларда ишларни видеоконференцалоқа режимида кўриш тартиби қонуний мустаҳкамланди. Бу тизим жорий этилгач, борди-ю, тарафлардан бири бир ҳудудда, бошқаси эса бошқа ҳудудда яшаётган бўлса, уларнинг ҳар бири суд мажлисида қатнашиш учун ўзи яшаётган тумандаги судга ташриф буюради ва суд муҳокамаси видеоконференцалоқа орқали ўтказилади. Натижада фуқароларнинг судда иштирок этиши учун сарфланадиган транспорт ҳамда бошқа турдаги харажатлари тежалади, оворагарчиликларга чек қўйилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2017 йилнинг иккинчи ярмида назорат тартибида кўрилган фуқаролик ишларининг 70 фоизи фуқароларни пойтахтга чақирмасдан, ўзлари яшаб ­турган жойдаги судларда видеоконференцалоқа орқали уларнинг иштирокини таъминлаган ҳолда ҳал қилинган.

 

Суд муҳокамасини аудио шаклида ёзиб олиш ва видеотасвирга олиш тартиби йўлга қўйилиши тарафларга жараёндан тўла бохабар бўлган ҳолда, эътироз билдириш имконини беради.

Умуман, судларда ишларни тўлиқ электрон тарзда шакллантириш тартиби қўл меҳнатини қисқартириш билан бирга, ишларни сақлаш, уларни юқори инстанция судларига юбориш, иш материаллари билан тарафларни таништириш, улардан нусхалар олиш каби процессуал жараённи сезиларли равишда соддалаштиради.

Ҳозирги пайтда Олий суд тизимидаги­ судларда мавжуд электрон судлов ахборот тизимини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий­ ижро бюросининг ахборот тизими билан интеграция­лаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Бу юмушлар ниҳоясига етгач, судлар томонидан ижро варақалари ҳамда суд буйруқлари давлат ижрочиларига электрон шаклда тўғридан-тўғри юборилади.

Судлар фаолиятидаги бундай ўзгариш ва янгиланишлар, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтиришга хизмат қилади.

 

Холмўмин ЁДГОРОВ,

Олий суд раиси ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси