Мажбурий меҳнат қонун билан тақиқланган
14.04.2018
Ўзбекистон Республикаси Конcтитуциясининг 37-моддасига кўра суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.
 
“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддаси ҳамда Меҳнат кодексининг 7-моддасига мувофиқ, мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади.
 
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига кўра:
меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади;
худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 
 
Шу билан бирга, қуйидаги ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди:
 
ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида;
фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда;
суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан;
қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар (масалан, маъмурий қамоққа олинган шахслардан жисмоний ишларда фойдаланиш). 
 
Манба: Huquqiy axborot телеграм канали