Туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилди
14.04.2018

Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони билан “республика – вилоят – туман (шаҳар)” уч поғонали принципи бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилди.

 

Туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

ҳокимларга ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш;

давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;

қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, “республика – вилоят – туман – маҳалла” принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш.

 

Манба: Huquqiy axborot телеграм канали