Томошабин маданияти ҳамон оқсамоқда
14.03.2018

Томошабин маданиятини кўтариш, масъулиятини ошириш бўйича ҳам ҳукумат қарорини чиқариш керакми?

Баҳор кайфияти яхши қўшиқ билан янада аъло бўлади.

Яқинда пойтахтимизнинг “Истиқлол” санъат саройида Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов ўзининг янги дастурини ихлосмандларга тақдим этди. Санъаткорнинг янги тароналари мухлисларга чинакам баҳорий кайфият улашди.

Суюкли хонандамиз изланувчанлиги, янгиликка интилиши, ўз устида тинимсиз ишлашини яна бир бор элга намойиш этди. Маъноли матн, мусиқа ва саҳнадаги мониторда берилаётган видеотасвирлар билан уйғунликда ҳар бир қўшиқ мини спектакль даражасига кўтарилган.

Қарийб уч ярим соат давом этган концерт дастурининг томошабинларни зериктирмаган ҳолда ўтгани уни саҳналаштирган истеъдодли режиссёр ва продюсер Саъдулла Абдуллаевнинг катта ютуғи. Шу ўринда рақсларни саҳналаштирган талантли балетмейстер Вилоят Оқилованинг хизматлари ҳам таҳсинга сазовор.

Хуллас, хонанда-ю созандалар, раққосалар, кулги усталарининг чиқишлари ҳам бир-бирини тўлдириб, яхлит бир ансаблни ташкил этди.

Ҳаммаси яхши... Фақат томошабин маданияти ҳамон оқсамоқда. Концертга икки-учтадан ёш, айниқса, эмизикли болалар билан келиш, томоша вақтида атрофдагиларга халақит бериб гаплашиб ўтириш, турли егуликларни кўтариб келиб, зални ифлослантириш ҳолатлари ҳамон камаймаганига гувоҳ бўлдим. Айниқса, кўнгилни хира қилган нарса сўнгги қўшиқлар айтилаётганда залдагиларнинг учдан бири, концерт дастурини тайёрлаган ижодкорлар таништирилаётганда эса залнинг ярмиси намойишкорона, беписандлик билан чиқиб кетгани бўлди.

Қанча меҳнат ва машаққат билан, қалб қўрини бағишлаб халқнинг, ихлосмандларнинг кўнглини топармиканман, деб ҳаракат қилган, изланган санъаткорларга ҳурмат шуми? Ўзини ҳурмат қилган одам шунақа йўл тутадими?

Наҳот уч ярим соат куй-қўшиқ эшитиб баҳри-дили очилган, кайфияти кўтарилган томошабинлар яна 5 дақиқа сабр қилолмайди? Олқишлар билан ўз эҳтиромини кўрсатиш санъат аҳлига қанчалик куч-қувват, илҳом бағишлашини тушуниш учун катта ақл керакми? Қаёққа шошаяпсиз, ахир? Ёхуд томошабин маданиятини кўтариш, масъулиятини ошириш бўйича ҳам ҳукумат қарорини чиқариш керакми?

Бугунги кунга бир назар ташланг. Ҳар соҳада туб ислоҳотлар, янгиликлар амалга ошмоқда, уларнинг самараси ҳам узоқ куттирмаяпди. Давр шиддат билан яхши томонга ўзгармоқда. Биз ҳам қараб турмайлик. Ислоҳотни, янгиланишни ўзимиздан бошлайлик. Ишда, уйда ва жамиятдаги вазифаларимизни аъло даражада бажарайлик. Яхши нарсалардан, неъматлардан баҳраманд бўлганда миннатдор бўлишни, шукрона келтиришни унутмайлик, азиз юртдошлар!


Манба: uza.uz